Маълумки, 11 январдан барча умумтаълим муассасалари ўз фаолиятини бошлади. Иситиш тизими қиш мавсумида мактаблардаги энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Халқ таълими вазирлиги тизимдаги муассасасаларнинг иситиш тизими бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берди.
Давлатимиз раҳбари томонидан умумтаълим мактаблардаги иситиш тизимининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашига, улардаги муҳандислик коммуникация тармоқларининг мунтазам шай ҳолатда сақланишига, шу йўналишда иш олиб бориладиган қурилиш-таъмирлаш ишларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланган.
Ҳозирда Республика бўйича жами 10 008 та умумтаълим мактаби ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари фаолият юритмоқда. Ушбу умумталим мактабларининг – 3 310 таси табиий газ, 23 таси суюқ ёқилғи, 6 671 таси кўмир (брикет), 4 таси электр токи орқали иситиб келинади.
Шундан 1 036 та мактаб марказлашган иссиқлик тармоғи, 8 810 таси локал иситиш тармоғи, 162 таси қўлбола (буржуй) печлар орқали иситилади.
Республика бўйича жами 1196 та мактаб филиаллари мавжуд. Уларнинг 118 таси табиий газ, биттаси суюқ печь ёқилғиси, 1 062 таси кўмир (брикет) ёқилғиси, 15 таси электр токи манбаларидан фойдаланиб келади.
Ҳозирги кунда 162 та мактаб ва 156 та мактаб филиали қўлбола печлари орқали иситилиши асосий муаммолардан бири. Сабаби, улардаги ўқувчиларнинг ис газидан заҳарланиши эҳтимоли юқори. Чунки, ушбу қўлбола печлари синф хоналарининг ички қисмига ўқувчиларга яқин қилиб ўрнатилган.
Мазкур масаланинг ечими сифатида маҳаллий ҳокимликлардан ушбу мактабларнинг иситилиши юзасидан кунлик назорат ўрнатилиши, тегишли масъул ташкилотларни ис газини олдини олиш бўйича жойларда тушунтиришлар олиб борилишини талаб этади.
Халқ таълими муассасаларига жорий йил куз-қиш мавсуми учун 235,5 минг тонна кўмир-брикет маҳсулотларини жамғарилиши белгиланган эди, бугунги кунга қадар жами 100 фоиз кўмир ва брикет ёқилғи маҳсулотлари умумтаълим муассасаларига тўлиқ етказиб берилган.
Ўз ўрнида Халқ таълим вазирлиги томонидан мактаблардаги иситиш тизимини назорат қилиб бориш мақсадида @maktab_uzedubot боти ишлаб чиқилган бўлиб, унда ота-оналар шахсини кўрсатмаган ҳолда фарзанди таҳсил олаётган ёки фаолият юритадиган мактабининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳақида маълумот бериш имконияти яратилган.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига қишки мавсумда барча мактабларнинг иссиқлик тизимини барқарор ишлаши бўйича тегишли топшириқлар берилган, шунинг учун агарда жойларда муаммолар бўлса ҳудудий штаблар орқали оператив равишда чоралар кўриб борилмоқда.