Қозоғистонда 2024 йил сўнгги 10 йил ичида энг кўп ғалла етиштирилган. Бу фикрни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев қишлоқ хўжалиги ходимлари биринчи форумида билдирди.
– Йил оғир келишига қарамай, охирги 10 йилдаги рекорд – 26,7 миллион тонна ғалла йиғиб олишга муваффақ бўлдик, – деди у. – Қозоғистон Марказий Осиё минтақасига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция оқими бўйича етакчи. Кўрилган тизимли чора-тадбирлар туфайли инфляция камайиб, жорий йил октябрь ойида 8,5 фоизни ташкил этди. Миллий иқтисодиёт ўсиш суръатини кўрсатди: 10 ойда 4 фоиз. Муҳими, ижобий кўрсаткичга, асосан, нефтсиз секторни ривожлантириш ҳисобидан эришилмоқда. Ялпи ички маҳсулот ўсишининг учдан икки қисми савдо, ишлаб чиқариш, қурилиш ва қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Бу борадаги ишни фаол давом эттиришимиз керак.
Мамлакат раҳбари агросаноат мажмуаси иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиши кераклигини ҳам таъкидлади:
– Бизнес ҳам, давлат ҳам манфаатдор ҳисобланган айни жараён, биринчи навбатда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим. Қишлоқ аҳолиси фаровонлиги ҳам бевосита саноат ривожига боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги техникасини янгилаш даражасини йилига 8-10 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган соҳа машиналари учун йиллик 5 фоизли имтиёзли лизинг дастури йўлга қўйилиб, 8 та йирик қўшма корхона, жумладан Германиянинг “Claas” концерни, Россиянинг «Ростсельмаш» заводи муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йил умумий қиймати қарийб 160 миллиард тенгелик 4,5 мингдан ортиқ трактор, 815 дона ғалла йиғиш машинаси (шундан 107 таси Claas) ишлаб чиқарилди. Ҳукумат меҳнат унумдорлигини ошириш, кичик мажмуалар йиғишни қўллаб-қувватлаш, импорт қилинадиган бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш орқали самарали иш ўринлари яратишга эътибор қаратиши лозим. Бу мавсум дон экспорти миқдори 12 миллион тоннага чиқиши салмоқли натижа ва улкан масъулиятдир. Фермер хўжаликларини ташқи бозорга чиқариш мақсадида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳукуматнинг устувор вазифаси. Экспорт салоҳиятини ошириш учун жаҳон бозорида харидоргир юқори унумдор экинлар етиштириш зарур.
Тоқаев, шунингдек, тенге барқарорлигини Қозоғистон тараққиётининг асосий шартларидан бири сифатида эътироф этди.