Трамп атрофига кимларни йиғмоқда?
Ўтган ҳафта Қўшма Штатлардаги президентлик сайловларида ғалаба қилган Дональд Трамп бу ҳафта ўз жамоасини шакллантиришни бошлади. Улар орасида миллиардер Илон Маскдан тортиб «Fox News» бошловчисигача бор. Трамп миллиардер Илон Маск ва Республикачилар партиясидан президентликка собиқ номзод Вивек Рамасвамини Оқ уйга қайтганидан сўнг ташкил этишни режалаштирган янги орган «Ҳукумат самарадорлиги» департаментига раҳбар этиб тайинлади.
Трампга кўра, бу икки америкалик ҳукумат бюрократиясини йўқ қилиш, ортиқча қоидаларни қисқартириш, беҳуда харажатларни чеклаш ҳамда федерал агентликларни қайта қуришга ёрдам беради. Ушбу департаментни ташкил этиш Маскнинг ўзидан чиққан.
Янги бўлим ташкил этилганидан кейин қандай фаолият кўрсатиши номаълум. Асли жанубий африкалик миллиардер Маск “Tesla” компанияси асосчиси, “Х” компаниясининг эгаси ва ракетасозлик компанияси “SpaceX” раҳбари ҳисобланади.
Рамасвами эса фармацевтика компанияси асосчиси ҳисобланади. Бу йил бошида у Республикачилар партиясининг бошланғич мавсумида Трампга қарши рақобатлашди, фақат январ ойида пойгани тўхтатиб, Трампни қўллай бошлаган.
Трамп Сешанба кунги баёнотда иккинчи муддатда муҳим ўзгаришларга ҳам ишора қилган. У аллақачон федерал ёрдам тарқатувчи, мактаблардаги камситишларга қарши курашувчи ва таълим даражаси бўйича тадқиқотларни нашр этадиган Таълим вазирлигини ёпишга ваъда берди.
Шунингдек, Дональд Трамп ўзининг янги маъмуриятини Хитойга қарши кескин фикрлари билан танилган шахсларни йиғмоқда.
Масалан Миллий разведканинг собиқ директори Жон Ли Рэтклиффни Марказий разведка бошқармасига, “Fox News” бошловчиси ва армия фахрийси Пит Хегсетни мудофаа вазирига ҳамда Флорида конгресси аъзоси Майкл Уолтцни миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти элчиси лавозимига Нью-Йорк учун Вакиллар палатасида ўрин эгаллаган конгрессмен Элиз Стефаникни танлади.
Флорида штатидан сенатор Марко Рубио эса давлат котиби лавозимига сайланиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси Пекинга қарши ўзларининг қаттиқ позицияни ҳимоя қилишлари билан машҳур.
Трамп маъмуриятига қўшилиш учун номзод сифатида кўрилаётганлар орасида Германиядаги собиқ элчи Ричард Гренелл, Теннесси штати сенатори Билл Хейгерти ва АҚШнинг собиқ савдо вакили Роберт Лайтхайзер ҳам бор.
Роберт Лайтхайзер Трампнинг савдо урушида муҳим рол ўйнаган ва унинг биринчи ҳокимият муддатида Хитой товарларига 380 миллиард долларлик тарифларни ишлаб чиқишда ёрдам берган эди. Трампнинг иккинчи ҳокимият даврида ҳам Лайтхайзер муҳим одамга айланиши мумкин.
Сенатнинг разведка бўйича танланган қўмитаси раиси ўринбосари ва Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитасининг юқори мартабали аъзоси сифатида Рубио Хитой ҳукуматининг қаттиқ танқидчиси сифатида танилган. У 2020 йилда Шинжон вилоятидаги этник озчиликларга муносабат ҳақида билдирган изоҳлари учун Хитойдан четлаштирилди.
Трамп Флорида штатидан конгрессмен Мэтт Гетц номзоди Адлия вазири лавозимига кўрсатилишини эълон қилди. Шу мазмундаги баёнот ижтимоий тармоқда эълон қилинди.
Трамп 42 ёшли Мэттни тизимни ислоҳ қилиш тарафдори сифатида истеъдодли, фидойи ҳуқуқшунос, дея таърифлади ва чегаралар хавфсизлигини кучайтириши, жиноий гуруҳларни йўқ қилиш чораларини кўриши ва америкаликлар орасида департаментга ишончни тиклашига ишонч билдирди.
Агар Сенат тасдиқласа, Гетц демократ Меррик Гарланд ўрнида бош прокурор бўлиб иш бошлайди.
Қайд этилишича, янги номзод аввал Вакиллар палатаси Ахлоқ қўмитаси томонидан жинсий зўравонлик ва ноқонуний моддалардан фойдаланиш эҳтимоли бўйича тергов қилинган.
Кичик Роберт Кеннеди Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш котиби этиб танланди. Кичик Кеннеди ўзининг сайловолди кампаниясини тўхтатиб, Республикачи Трампни қўллаб-қувватлаган эди.
Президент Кеннеди Американи яна соғломлаштиришга ёрдам беради, деб умид қилади.
Соғлиқни сақлаш ва инсон хизматлари департаменти АҚШда федерал даражада соғлиқ билан боғлиқ деярли ҳамма нарса учун жавобгардир. У озиқ-овқат ва фармацевтика идораси, Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари, Миллий соғлиқни сақлаш институтлари ҳамда моддий имконияти чекланганлар, катта ёшдагилар, ногиронлар учун соғлиқни сақлашни таъминлайдиган йирик дастурларни назорат қилади.
Кеннеди етакчи демократ сиёсатчилар оиласидан. 1963-йилда Далласда ўлдирилган собиқ президент Жон Кеннеди унинг амакиси эди. Унинг отаси АҚШнинг собиқ бош прокурори ва сенатори Роберт Кеннеди ҳам Оқ уйга ўз номзодини қўйганидан беш йил ўтиб отиб ўлдирилган.
Шу қаторда яна бир “Fox Business” телеканали бошловчиси ва иқтисодчи Ларри Кадлоу Миллий иқтисодиёт кенгаш раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатилган. У Трампнинг биринчи Оқ уйлик даврида ҳам шу лавозимда ишлаган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берган Ларри қайтадими йўқми бу аниқ эмас. «CNN» хабарига кўра, Трамп Оқ уй матбуот котиби лавозимига 27 ёшли Каролин Ливиттни тайинлаган.
Маълумотларга кўра, Ливитт ушбу лавозимдаги энг ёш матбуот котиби сифатида тарихга киради. У Трампнинг сайловолди кампаниясида матбуот билан алоқалар учун маъсул бўлган.
Шунингдек, Трамп ушбу ҳафта Оқ уйда Байден билан кўришиб ички сиёсат, Ғазо ва Украина масаласида икки соатлик суҳбат қурган. Оқ уйга келаётган Трамп ҳали офис майдони ва унга керак бўладиган жиҳозлар рўйхати бўйича келишувга имзо чекканича йўқ.
Трамп ғалабадан кейин Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича ҳаракатларни бошлаб юборган. «Уруш тугайди, аммо унинг қачон тугаши аниқмас. Оқ уйни бошқарадиган Трамп жамоаси сиёсати билан уруш тезроқ тугайди. Бу уларнинг ёндашуви, ўз аҳолисига берган ваъдаси ва улар учун ҳам бу жуда муҳим. Мен Трамп билан суҳбатларимизда бизнинг позициямизга қарши ҳеч қандай фикр эшитмадим «, — дея фикр билдирди Украина президенти Зеленский.
Ушбу ҳафта қатор нашрлар Трамп ва Путин телефон орқали гаплашгани ҳақида маълумот тарқатган эди, бироқ Кремл воизи ёлғон хабар эканлигини ёзиб чиқди. Ҳафта охирига келиб эса Москва Германия канцлери Путин билан гаплашганини маълум қилди. Унда Путин Украинадаги можаро бўйича очиқ эканлиги, ҳар қандай битим Россия хавфсизлиги манфаатларига ва янги ҳудудий воқеликларга асосланиши кераклиги айтилади. Зеленский эса Германияни ушбу суҳбатдан огоҳлантирганини айтиб, танқид қилиб чиқди. Ушбу қўнғироқ Путинни яккалаш режасига путур етказади ва бундан буёғига бошқа суҳбатлар ҳам пайдо бўлади. Ундан сўнг эса Олаф Шольц Трамп билан ҳам гаплашгани аён бўлди. Канцлерга кўра, Трампда аниқроқ режа бор.
Яқин Шарқ муаммоси
Исроилнинг Ғазо ва Ливандаги юришлари оқибатида оддий аҳоли қурбон бўлмоқда. Ушбу ҳафта Исроилнинг янги мудофаа вазири Исраэл Кац Ливандаги қуруқлик операцияси кенгайганлигини маълум қилди. “Биз Ливан жанубида қуруқликдаги манёврни кенгайтирдик ва Байрутнинг Даҳие туманида, керак бўлса «Ҳизбуллоҳ” нишонларига қарши ҳаракат қилмоқдамиз”, — деган Кац.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, якшанба кунидан бери Ливаннинг бир қанча шаҳарларига ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 20 нафар бола ҳалок бўлган. Ливан жанубидаги Жоун шаҳрида сешанба куни камида саккиз бола ҳалок бўлган. Ўша куни Байрутнинг жануби-шарқидаги Баалчмай шаҳрида икки бола ўлдирилган.
Чоршанба куни Исроилнинг Байрут жанубидаги қишлоққа уюштирган ҳужуми оқибатида уч бола ҳалок бўлди. Якшанба кунги ҳужумда эса етти нафар бола қурбон бўлган.
UNICEF вакилининг маълумотларига кўра, сўнгги 50 кун ичида Ливанда ўлдирилган болалар сони ўтган йили ўлдирилган барча болаларнинг 80 фоизини ташкил қилади. “Ливандаги болалар бу урушнинг энг ҳалокатли босқичини бошдан кечирмоқда”, — дея қўшимча қилди у. Сентябр ойидан буён эса ҳудудда 3 мингга яқин инсон уруш қурбони бўлган.
Исроилнинг ўта ўнгчи молия вазири Бецалел Смотрич ушбу ҳафта Ғарбий Соҳилни аннекция қилишга тайёргарлик кўришни буюрган. Смотрич аннекция қилиш режасини Трамп қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда.
“2025 йил Яҳудия ва Самарияда суверенитет йили”, — деб ёзган Смотрич Х ижтимоий тармоғида Ғарбий Соҳилни назарда тутган ҳолда.
Унинг айтишича, Исроилнинг ҳукмрон коалициясида ушбу ҳаракат ва Фаластин давлатини тузишга қаршилик борасида кенг келишув мавжуд. “Ушбу хавфни кун тартибидан олиб ташлашнинг ягона йўли Яҳудия ва Самариядаги аҳоли пунктлари устидан Исроил суверенитетини қўллашдир”, — деган у.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги Қуддусда бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу масала бўйича ҳали қарор қабул қилинмаганини маълум қилган.
“Биз бу масалани охирги марта президент Трампнинг биринчи даврида муҳокама қилган эдик. Агар бу мавзуга қайтадиган бўлсак, Вашингтон билан маслаҳатлашамиз”, — дейилади вазирлик баёнотида.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен фикрича, ҲАМАС етакчиларини йўқ қилиш ва 2023 йил 7 октябрдаги каби йирик ҳужумнинг олдини олиш орқали Исроил мақсадига эришди, энди Ғазодаги урушни тугатиш вақти келган бўлиши мумкин. Мазкур баёнотни у НАТО Бош котиби Марк Рютте билан музокара ўтказиш учун Брюсселга келган пайт журналистлар олдида берди.
Сиёсатчи Керем Абу Шалом назорат-ўтказиш манзилида 900 та юк машинаси кутаётганини қўшимча қилиб, Исроил гуманитар ёрдам муҳтожларга хавфсиз етказилиши учун масъуллигини эслатди.
“Агар Исроил урушни тўхтатишга қарор қилса ва асирларни озод қилиш йўли топилса, биз ҳам Исроил Ғазодан чиқиб кетиши ва ҲАМАС қайтмаслигини таъминлаш учун аниқ режага эга бўлишимиз лозим. Шунинг учун мазкур режани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш устида астойдил ҳаракат қиляпмиз”, – деган котиб.
Абхазияда намойиш
Ҳафта охирига келиб, Абхазиянинг Сухуми шаҳрида Россия билан инвестицион келишув ратификация қилинишига қарши бўлган мухолифатчилар қўлга олиниши ортидан норозилик намойишлари бошланди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳибсга олинганлар парламент аъзосига қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этганини билдирди. Маълумотларга кўра, гап Россия ва Абхазия ўртасидаги келишувни қўллаб-қувватловчи депутатга қарши ҳаракат ҳақида кетмоқда.
Расмийлар келишувни 15 ноябрда маъқулламоқчи бўлган мухолифат эса унинг ратификация қилинишига қарши ҳужжат кўриб чиқиладиган куни норозилик намойиши ўтказишни режалаштирган.
Абхазиянинг собиқ иқтисодиёт вазири сўзларига кўра, келишув олигархларга катта фойда ва мамлакатни “пуллаш” учун имконият берарди. Унинг қўшимча қилишича, мухолифатчилар миллий манфаатларни ҳимоя қилгани учун ҳибсга олинган. Бир муддат ўтиб улар қўйиб юборилгани маълум бўлди.
Мухолифат президентнинг истеъфога чиқиши ва сайлов ўтказилишини талаб қилган, бироқ Абхазия президенти Аслан Бжания Сухумидаги тартибсизликлар фонида истеъфога чиқмаслигини маълум қилди. Бжаниянинг сўзларига кўра, мамлакат раҳбарияти ўз жойида қолади ва вазифаларини бажаришда давом этади. Лекин у ҳозирча пойтахт Сухумидан кетиб, ўзи туғилиб ўсган қишлоқда эканлиги маълум қилинган.
Сардорбек Поёнов, Искандар Исматов (видео), ЎзА