Президент Дональд Трампнинг кўпминг кишилик тарафдорлари Капитолий биноси олдида норозилик намойиши уюштириб, кейин бино ичкарисига бостириб киргани ҳамда мажлис ўтказаётган конгрессменлар ҳаётини хавф остига қўйгани, қолаверса, тўполонда беш киши ҳаётдан кўз юмгани нафақат АҚШнинг ўзида, балки халқаро майдонда ҳам кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Ушбу воқеалар президентликка сайланган Жо Байден инаугурацияси арафасида вазиятни назоратга олиш қанчалик муҳим эканидан далолат беради. Мазкур воқелар айниқса, ҳукумат идоралари, жумладан, хавфсизликни сақлаш бўйича масъулларни янада ҳушёр бўлишга ундамоқда.

Гап шундаки, АҚШ ҳарбийлари президентликка сайланган Жо Байденнинг инаугурациясида хавфсизликни таъминлаш учун сафарбар этилган Миллий гвардия хизматчилари томонидан эҳтимолий ички ҳужум ёки бошқа таҳдидлар юзага келишидан хавфсирамоқда. Шу боис Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) аскарларни ҳам бирма-бир текширувдан ўтказмоқда, деб хабар берди Ассошиэйтед Пресс агентлиги.

Ҳозиргача АҚШ президенти инаугурациясида хавфсизликни таъминлаш учун Миллий гвардиянинг 15 минг аскари Вашингтонга етиб келган. MSNBC телеканалининг хабарига кўра инаугурация кунигача, яъни 20 январгача улар 25 мингтага етказилади. Аскарлар 50 та штатдан келмоқда.

Агентликнинг хабар беришича, ҳарбийларнинг хавфсирашида жон борга ўхшайди. Зеро уларнинг фикрича, яқин кунлар ичида Вашингтонни қўриқлашга жалб этилган айрим аскарлар бўлажак президентга ёки бошқа муҳим шахсларга хавф туғдириши мумкин.

АҚШнинг қуруқликдаги қўшинлари вазири Райан Маккартининг маълум қилишича, ушбу катта таҳдид ҳукуматга маълум, қўмондонлик огоҳлантирилган ва улар ўта ҳушёр туриши керак.

ФҚБ текширувни бир ҳафта аввал бошлаган эди, текширувлар чоршанба кунигача ниҳоясига етказилиши керак. Шу билан бирга, Маккарти ва бошқа ҳукумат вакилларининг баёнот беришича, бундай таҳдидларнинг мавжудлигига ҳозирча далил-исботлар йўқ.

“Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз, хавфсизликни таъминлашга жалб қилинган одамларни бир, икки, керак бўлса уч бор текширувдан ўтказмоқдамиз. Ушбу амалиётга жалб қилинган эркак ва аёлларни синчиклаб текшириш учун барча механизмларни ишга солишимиз зарур”, – дейди Маккарти.

ФҚБ текшируви одамларни маълумотлар базаси бўйича ҳамда кузатув рўйхати бўйича қараб чиқишни ўз ичига олади. Уларда терроризм билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълумотлар бўлиши мумкин, дейди ФҚБнинг Сиэтлдаги миллий хавфсизлик бўйича собиқ нозири Дэвид Гомес.

Хавфсизлик бўйича яна бир мутасадди, генерал Дэниел Хокансоннинг таъкидлашича, агар ҳарбийлар ёки ҳарбий ҳаво кучлари хизматчиларидан кимлардир экстремистик қарашларини ифода этадиган ҳолатлар кузатиладиган бўлса, у ҳолда ушбу маълумот ҳуқуқ ҳимоячиларига ёки раҳбариятга етказилади. Унинг таъкидлашича, ҳар қандай хавфли таҳдидларни аниқлашнинг усуллари мавжуд.

Шундай қилиб, Жо Байден инаугурациясига икки кун қолди. Бу АҚШда президентлар алмашинуви тарихида камдан-кам учрайдиган кескин ва хавотирли ҳолатдир. Шу боис инаугурация маросимининг ўтказилишига нафақат мамлакат жамоатчилиги, балки жаҳон аҳли ҳам бефарқ бўлмаслиги шубҳасиз. Зеро, дунёда иқтисодий жиҳатдан энг қудратли давлат ҳисобланган, демократия бешиги деб таъриф берилаётган Америкадек давлатда рўй бераётган сиёсий воқеалар халқаро миқёсда тинчлик ва осойишталикка бевосита таъсир этиши ҳеч кимга сир бўлмаса керак.

 

Саидмурод Раҳимов, ЎзА