Савол: ТАТУ Самарқанд филиалининг касб таълими факультетини битирганман. Мактабда информатика фанидан дарс берсам бўладими?
Жавоб: Йўқ, бўлмайди.
Сабаби, дипломингиз педагогик соҳага тегишли эмас. Шунга кўра, бу дипломингиз билан қайта тайёрлашдан ўтмасдан туриб мактабда информатика фанидан дарс бера олмайсиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ-4851-сон қарори 14-бандида олий таълим муассасаларининг ўқув дастури доирасида психология-педагогика фанларини ўрганган информатика ва ахборот технологиялари йўналиши битирувчиларига ихтисослаштирилган мактаблар ва умумтаълим мактабларида информатика ва ахборот технологиялари фанларини ўқитишга рухсат берилсин, дейилган. Сизнинг йўналишингиз эса компьютер инжиниринги.
Сиз Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 7 декабрдаги 393-сонли буйруғига асосан мактабга педагог ходимларни ишга қабул қилишда бир қатор мезонларга риоя қилишингиз сўралади.
Жумладан, бошланғич синф ўқитувчиси лавозимига – бошланғич таълим ихтисослиги бўйича камида ўрта махсус педагогик маълумот ёки камида бакалавр даражасидаги олий маълумот ва бошланғич таълим ихтисослиги бўйича дарс бериш ҳуқуқи билан касбий қайта тайёрлов курсини тугатган мутахассислар қабул қилинади.
Фан ўқитувчиси лавозимига – фан йўналишига тўғри келувчи камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумот ёки камида бакалавр даражасидаги олий маълумот ва фан йўналишига тўғри келувчи педагогик фаолият юритиш ҳуқуқи билан қайта тайёрлов курсини тугатган мутахассислар дарс бериши мумкин.
Сиздаги мутахассислик бунга йўл қўймайди. Умумтаълим мактабларида информатика фанидан таълим йўналиши информатика ўқитиш методикаси ва йўналиш коди 5110700 йўналишини тамомлаган педагоглар дарс беришга ҳақли. Сизнинг йўналишингиз эса Ахборот-коммуникасия технологиялари соҳасида касб таълими ва йўналиш коди 5350400 ҳисобланади. (Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган “Олий таълимнинг давлат таълим стандарти” қоидаларига асосан).