Кеча ижтимоий тармоқларда аёл киши мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчисининг қўлига ураётгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 13-мактабгача таълим муассасасида тасвирга олингани айтилганди.
Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизмати видеолавҳадаги ҳолат бўйича туман ҳокимлиги ҳамда вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан дастлабки ўрганиш олиб борилганда тасвирларга ҳақиқатдан ҳам тумандаги 13-боғчада бўлганини маълум қилди. Шунингдек, ҳолат 18 январь куни жойида батафсил ўрганилиб, қўшимча маълумот берилиши айтилганди.
Бугун эса Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати Булунғурдаги МТМда содир бўлган ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётганини хабар қилди.