Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан кенгайтирилган учрашувда дипломатлар фаолиятининг 2020 йил якунлари таҳлил қилинди, 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги тизимини ўз ичига олган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарияти иштирок этди.
Ҳар бир дипломат ишига инвестиция ва ташқи савдо соҳаларида амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган натижаларга урғу берган ҳолда баҳо берилди.
Ҳамкор мамлакатлар билан муносабатларнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияларини ишлаб чиқишда иқтисодий компонентнинг устуворлиги қайд этилди. Шу муносабат билан дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича янги механизмларини ишлаб чиқиш ва маҳаллий экспорт қилувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича аниқ вазифалар берилди.
Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган халқаро аҳамиятга эга бўлган кенг кўламли тадбирларга тайёргарликнинг бориши алоҳида тартибда кўриб чиқилди – уларни юқори савияда ташкил этиш учун барча зарур чораларни кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.
Учрашув якунлари бўйича дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига белгиланган вазифаларни юқори сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида аниқ йўналишлар бўйича ишларни фаоллаштиришга қаратилган кўрсатмалар берилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги расмий сайти.
ЎзА