Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида юнон-рум кураши бўйича мавсумнинг илк расмий мусобақаси – Gran Prix Zagreb Open 2021 якунланди.
-60 кг вазн тоифасидаги терма жамоамиз аъзоси, Осиё чемпиони Исломжон Баҳромов финал беллашувини муваффақиятли якунлади. У туркиялик Ахмет Уярга қарши кечган баҳсда рақибини 9-0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ, -55 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Жасурбек Ортиқбоев ҳам барча рақибларини енгиб, Загреб Гран-приси чемпионига айланганди. Ортиқбоев олтин медаль учун кечган беллашувда германиялик Фабиан Шмиттдан 9-0 ҳисобида устун келганди.
Шу тариқа терма жамоамиз Gran Prix Zagreb Open турнирида 2 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритди. Илҳомжон Баҳромов (-55 кг) кумуш, Феруз Тўхтаев (-60 кг) бронза медалига сазовор бўлди.