Туркия Республикаси ТИВ раҳбари Мевлют Човушўғли Франция президенти Эммануэль Макрон Туркия президенти Таййип Эрдўған номига «жуда яхши» мактуб йўллагани, Анқара ва Париж ўртасидаги муносабатларни изга солиш истагини билдирганини айтган.

Човушўғлининг қуйидаги сўзлари “Sabah” газетаси саҳифасида келтирилган: «Бундан икки кун олдин биз Макрондан жуда яхши, ижобий мазмундаги хатни олдик. Ушбу мактуб орқали у бизнинг президент билан учрашиш, алоқаларни яхшилаш истагида эканини изҳор қилган. Ҳатто, ўз қўли билан турк тилида «Қадрли Тайип», деб ёзиб, қизғин салом йўллаган.

Вазирнинг айтишича, ўз навбатидпа турк давлати етакчиси ҳам француз ҳамкасби хатига нисбатан илиқ муносабатда бўлган.

«Бизнинг президент шундай деди: «Албатта, мамнуният билан учрашамиз». Мулозим, шунингдек, «Бу ерда гап, авваламбор, видеоконференция ва телефон орқали суҳбатлашиш ҳақида бораётгани»ни ҳам қўшимча қилди.

Ёдингизда бўлса, Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин коммунасида тарих ўқитувчиси Самуэл Патининг ўлдирилиши ортидан Макрон берган айрим баёнотлардан сўнг икки мамлакат раҳбари орасига бироз совуқлик тушгандек бўлганди. Ҳатто, вазият расмий Парижнинг Анқарадаги ўз элчисини маслаҳатлашиш учун чақириб олиниши даражасигача етган эди.

ЎзА