Бугун республикамиздаги йирик саноат корхоналари ҳамда хўжалик бирлашмалари орасида биринчилардан бўлиб “Ўзметкомбинат” АЖ бошқарув раиси Жаҳонгир Мустафаевнинг ташаббуси билан “Ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг драйвери” шиори остида хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган бекободлик ёшлар билан комбинат раҳбарларининг очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқотни комбинат бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Санжар Мадияров олиб борди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, металлургия соҳаси мамлакат иқтисодиётининг “драйверлари”дан бирига айланиши учун барча шароитлар мавжудлиги, комбинатнинг саноат тармоқлари орасида мустаҳкам ўрин эгаллаганлиги ҳамда ундан ҳам катта марраларни эгаллаш зарурлиги ҳақида сўзлади. Металлургия мамлакат иқтисодиёти “драйверлари”дан бирига айланиши учун ёшлар муносиб ҳиссаларини қўшишларига ишонч билдирди.
Ноанъанавий, расмиятчиликдан ҳоли ўтказилган очиқ мулоқот чинакам маънода баҳс-мунозараларга бой бўлди. Ёшлар ҳам ўз ғояларини, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Улар ўзларини ўйлантираётган масалалар, қизиқтираётган саволларни ўртага ташлаб, етарлича жавоб олдилар. Улар орасидан Алишер Абдусаломов, Жавоҳир Турсунбоев, Санжар Райимқулов ва Нодир Деҳқоновлар томонидан билдирилган таклифлар комбинат раҳбарияти томонидан ижобий баҳоланди.
Очиқ мулоқотда комбинат раҳбариятининг таклифи билан ёшларнинг рационализаторлик таклифларини қабул қилиб олиш ва уни амалиётга татбиқ этиш мақсадида комбинат расмий сайтида инновацион ғоялар портали очилди. Ўз навбатида, улар комбинатнинг малакали мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади ва амалга ошириш имконияти юқори бўлган ғоя ёки таклифлар ажратиб олинади.
Комбинатда ишлаб чиқариш соҳасида инновацион фикрлайдиган, салоҳиятли, хорижий амалиётга эга, билимли ёш мутахассисларни кўпайтириш ҳамда уларга металлургия соҳасида янги лойиҳалар устида ишлашлари учун шароит яратиш мақсадида уларнинг бир гуруҳини комбинат ишлаб чиқариш цехларига экскурсиясини ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.
Очиқ мулоқотда комбинат бошқаруви раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Музаффар Убайдуллаев, Истиқболли ривожланиш, инвестициялар, илм-фан ва инновациялар бўйича ўринбосари Наримон Умеров ва бош муҳандис Шавкат Сайдуллаевлар ёшларга комбинатда амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар ва истиқболдаги режалар билан ёшларни таништирдилар.
Шунингдек, комбинат Ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув маркази бошлиғи Рахмон Рахманов ёш мутахассисларни малака ошириш ва дипломолди амалиётларини комбинатда ташкил этиш бўйича барча имкониятлари мавжуд эканлигини таъкидлади.
Йиғилишда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети докторанти, ёш олим Равшан Тошматов ҳам иштирок этди.
Комбинат раҳбарияти ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлашга, уларнинг таклиф ва ғояларини ўрганиб чиқиб, мунтазам алоқа ўрнатишга тайёр эканлигини билдирди.