Охирги сутка ичида 749 320 янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, 15 361 бемор вафот этди.

Жорий йилнинг 15 январигача дунёнинг 218 давлатида жами 93 533 715 ҳолатда коронавирус инфекцияси аниқланган. 66 813 279 киши ушбу хасталикдан соғайган, 2 002 407 одам вафот этган, 111 793 (0,5 фоиз) нафар бемор оғир аҳволда қолмоқда.

Вирус аниқланиши миқдори бўйича АҚШ ҳамон етакчи. Бу мамлакатда ЖССТ маълумотига кўра, 23 848 410 фуқаро коронавирусга учрагани рўйхатга олинган. Бу борада иккинчи ўринни Ҳиндистон (10 528 508), учинчи ўринни Бразилия (8 326 115), тўртинчи ўринни Россия (3 495 816), бешинчи ўринни Буюк Британия (3 260 258) банд этган. Францияда 2 851 670Туркияда эса 2 364 801 ҳолат қайд этилган.

Бу рақам қўшни давлатлар – Қозоғистон Республикасида 165 311, Қирғизистон Республикасида 82 723, Афғонистонда 53 831 ва Тожикистонда 13 308 ни ташкил этган.

Ўзбекистон Республикасида 15 январь ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 77 894 нафарга етиб, улардан 76 335 юртдошимиз (98,0 фоиз) соғайиб чиққан, 619 нафар бемор (0,8 фоиз) вафот этган.

Сўнгги маълумотга мувофиқ, дунёнинг бир неча мамлакати, жумладан, Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Исландия, Австралия, Нидерландия, Германия, Греция, Кипр, Швейцария, Швеция, Словакия, Туркия, Таиланд, Сингапур, АҚШнинг айрим штатлари, Канада, Хитой, Вьетнам ва Жанубий Африка Республикасида янги турдаги коронавирус штамми тарқалгани расман тасдиқланган.

Касаллик янги турининг тез тарқалиши кузатилмоқда.

Коронавируснинг мутацияга учрашига одамлар ўртасида контакт етарлича чекланмаётгани, кўпчилик карантин қоидаларига риоя қилмай қўйгани сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ахборотига қараганда, мутацияга учраган коронавирус инфекцияси янги турининг юқумлилик даражаси юқори. Касаллик 19 ёшгача бўлганлар орасида, шу жумладан, ёш болаларда ҳам қайд этилиши таъкидланган.

Мутацияга учраган коронавируснинг янги тури қайд этилган мамлакатларда инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида карантин тадбирлари янада кучайтирилган. Масалан, ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш тавсия этилган. Мактаблар масофадан туриб ўқитиш режимига ўтказилган. Оммавий тадбирлар, жумладан, спорт мусобақалари (томашабинсиз футбол ўйинларидан ташқари) ўтказилиши тақиқланган.

Шунингдек, Франция Буюк Британия билан чегарани очмасликка қарор қилган, ресторанларнинг январь ойи давомида ишлаши тақиқланган.

Латвия 25 январга қадар дам олиш кунлари учун комендантлик соати жорий этган, Марокаш фавқулодда санитария режимини 10 февралга қадар узайтирган, Япония пойтахтида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Ушбу давлатларда фуқароларнинг чет мамлакатларга чиқиши чекланган.

Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси баёни асосида Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия, Германия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан 2020 йил 21 декабрдан жорий йил 10 январга қадар ҳалқаро авиа қатновлар, кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш тўхтатилган.

2020 йил 25 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекцияси антигенини аниқлаш экспресс тести олиниши жорий этилган.

Давлат чегара пунктлари орқали 2020 йил 25 декабрдан шу кунгача республика ҳудудига 109 179 шахс кириб келган, уларнинг 79 478 нафари (72,8 фоиз)да коронавирус инфекцияси антигенини аниқлаш мақсадида экспресс тести ўтказилган ва текширув асосида 62 киши (0,08 фоиз)да мусбат натижа аниқланган.

Мусбат натижа қайд этган фуқаролар ҳудудий коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган махсус муассасаларга даволаниш учун йўналтирилган.

COVID-19 «британия» штамми билан касалланган болаларда кузатилаётган бешта аломат аниқланди.

Буюк Британияда аниқланган ва юқумлилиги жиҳатидан кучлироқ экани айтилган COVID-19 янги штамми болаларда бироз бошқача аломатлар билан кечаётгани аниқланди. Бу ZOE Symptom Tracker иловаси ёрдамида олиб борилган тадқиқот туфайли маълум бўлди.

Соғлиқни сақлаш бўйича мутахассислар фикрига кўра, касал болаларнинг аксарияти чарчоқдан азият чекади. Инфекция юқтирган чақалоқларда тез-тез йиғлаш ҳолати учрайди.

Хаста болаларнинг ярмидан кўпи (53 фоизи) бош оғриғидан азият чекади. Шу билан бирга, уларда қорин оғриғи ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун шифокорлар ота-оналарга қорин бўшлиғидаги ноқулайлик билан бир вақтда пайдо бўладиган бош оғриғи бор-йўқлигини болаларидан сўраб туришларини маслаҳат беришмоқда.

Яна бир аломат – 37 даражадан юқори иситма. Айни белги коронавируснинг «британча» штамми билан оғриган болаларнинг, деярли, ярмида учради.

Шунингдек, ZOE Symptom Tracker иловаси бетоб болаларнинг 38 фоизи томоқ оғриғидан шикоят қилишганини аниқлади. Бу аломат, одатда, вирусли инфекция белгиси ҳисобланади. Томоқдаги оғриқ шамоллаш, грипп ёки COVID-19 белгиси бўлиши мумкин.

Бундан ташқари касалланганларнинг, тахминан, 35 фоизи иштаҳа йўқолганини айтган. Мутахассислар фикрича, кўпинча бир ёшга тўлмаган чақалоқлар шу ҳолатга дучор бўлишади. Демак, ота-оналардан болаларини таомни кичик бўлакларга бўлиб, кам миқдорда, аммо тез-тез овқатлантиришлари талаб этилади.

Мамлакатимиз ҳудудида коронавирус пандемиясига қарши курашни давом эттириш ва мутацияга учраган коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур деб ҳисоблаймиз:

Барча жойларда ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлларни антисептик билан зарарсизлантириш тадбирларини кучайтириш;

Зарурат бўлмаганда чет мамлакатларга чиқишни чеклаш;

Оммавий ва бошқа турли йиғинлар ташкил этишни чеклаш;

Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан карантин давридаги чеклов чораларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, аниқланган қоидабузарликларга нисбатан кескин чора кўрилишини давом эттириш;

Коронавирус инфекцияси четдан кириб келиши ҳолатларини, хусусан, мутацияга учраган коронавирус инфекциясини эрта аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасига ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекцияси антигенини аниқлаш экспресс тести олинишини давом эттириш;

Тест ўтказиш давомида коронавирус инфекцияси, шу жумладан, мутацияга учраган коронавирус инфекцияси билан касалланганлиги тасдиқланган шахсларни махсус ажратилган коронавирус инфекциясини даволаш юқумли касалликлар шифохоналарида даволаш;

Мутацияга учраган коронавирус инфекцияси касаллиги қайд этилган давлатларни “қизил” ҳудуд сифатида белгилаш ҳамда ушбу ҳудудлар билан авиа йўналишдаги қатновларни тўхтатиш юзасидан қабул қилинган тақиқ муддатини 31 январга қадар узайтириш;

Мутацияга учраган коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ўртасида тарқалиш хавфи юқорилигини эътиборга олган ҳолда, мактабгача тарбия ташкилотлари, мактаблар, коллежлар, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида машғулотларни “гибрид” (онлайн+офлайн) тарзда олиб борилишини давом эттириш.

Санитария-эпидемиологик осойишталик
ва жамоат саломатлиги хизматининг 
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими