Президент Шавкат Мирзиёев яқинда ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиниши, бунинг учун бюджетдан 140 миллиард сўм ажратилишини таъкидлаган эди.

Давлатимиз раҳбари бугун шу йўналишдаги янги мажмуа – Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказидаги қурилиш ишлари билан танишди.

Юртимиздаги табиий шароит буйрак касалликларини келтириб чиқариш омилларидан бири. Масалан, ўтган йили сурункали буйрак касаллиги билан 118 мингдан зиёд бемор диспансер кузатувида бўлган. Уларнинг 23 минг нафарида сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган, 5 мингдан зиёди гемодиализга муҳтожлик сезган. Бу каби муаммолар даволашнинг замонавий инфратузилмасини ташкил этиш заруратини қўяётган эди.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида қурилаётган тиббиёт маркази шу борадаги ишлардан биридир. Бу жой илгари Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси эди. Унинг эскирган биносида гемодиализ олиш учун ўринлар сони эҳтиёждан бир неча баравар кам, аҳолига сифатли нефрология ёрдами кўрсатиш имконияти анча чекланган эди.

Президентимизнинг 2018 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур шифохона негизида Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди.

Бугунги кунда бу ерда иккита янги даволаш корпуси барпо этилмоқда. Жорий йилда 3-4-корпуслар фойдаланишга топширилади. Келаси йили мавжуд бинолар таъмирланади.

Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

– Юртимизда нефрология ривожланмаган. Айниқса, ҳудудларда клиникалар ҳам, мутахассислар ҳам етишмайди. Кўпчилик беморлар шифохонага касалликнинг охирги босқичида келяпти. Шунинг учун, аввало, одамларнинг бу бўйича билими, хабардорлигини ошириш керак. Қорақалпоғистон ва вилоятларда ҳам шифохоналар ташкил этиб, бу марказ билан онлайн боғлаш, тармоққа айлантириш, тизимли профилактика ишларини йўлга қўйиш зарур, – деди Президент.

Ҳудудларда фаолият юритаётган шифокорларни ушбу марказда ўқитиб, малакасини ошириш, даволаниш учун моддий имконияти йўқ беморларни давлат ҳимоясига олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Беш қаватли даволаш корпуси 170 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда трансплантация, реабилитация, экстракорпорал детоксикация, буйрак аутоиммун касалликлари, интенсив нефрология каби бўлимлар, шунингдек, Нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантацияси кафедраси, поликлиника, дорихона жойлашади. Барча бўлимлар юқори технологик тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади.

Икки қаватли яна бир бинода 60 та катталар ва болалар гемодиализ жойлари бўлади. Аҳамиятлиси, марказда биринчи маротаба болалар гемодиализ хизмати йўлга қўйилади.

Марказдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва қамрови ошади. Амбулатор ва стационар тартибда 100 дан ортиқ тиббий хизматлар йўлга қўйилади. Жумладан, йилига 60 мингдан ортиқ гемодиализ муолажалари, 150 та ноёб буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилади. Буйрак тўқимаси биоспияси йўналишида йилига 150 дан ортиқ амалиёт, буйрак қон томирларида минимал инвазив диагностика ва даволаш муолажалари ўтказилади, 50 дан ортиқ беморда перманент катетеризация муолажалари олиб борилади.

Тиббиёт олий ўқув юртларининг 7 та кафедраси шу ерда фаолият юритади. Бу нефрология соҳасида “таълим – амалиёт – илм-фан” интеграциясини таъминлашга хизмат қилади. Илғор хорижий тиббиёт марказлари билан биргаликда янги даволаш технологиялари ва стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

Шунингдек, мазкур муассаса бошқа ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, ҳудудлардаги шифохоналар билан ҳамкорликда аҳолини мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиб боради.

Келгусида давлат-хусусий шериклик асосида марказни тиббиёт кластерига айлантириб, тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш режалаштирилган.