Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари байрами арафасида Нукус гарнизонидаги Маънавият ва маърифат маркази биноси капитал таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қуролли кучлар фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Ф.Шерматов ва бошқаларнинг таъкидлаганидек, ўтган йилда ҳарбий округ қўшинларида жанговар тайёргарлик, таъминот, аҳоли ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий бўлинмаларнинг қиёфасини ўзгартириш борасида катта ишлар амалга оширилди.

Жумладан ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг маънавий-маърифий билимларини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига содиқлик, Қуролли Кучларга ҳурмат туйғусини шакллантиришда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори том маънода дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қарорга мувофиқ ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда бой маданиятимиз, азалий қадриятлар ва анъаналаримизга асосланган дунёқарашини шакллантиришга йўналтирилган ягона тизим яратилди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги мавжуд Офицерлар уйлари Маънавият ва маърифат марказларига, ҳарбий қисм ва муассасалардаги клублар эса Маданият марказларига айлантирилди. Президент ташаббуси билан Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида «Турон» давлат ҳарбий театрининг ташкил этилиши эса ўзига хос тарихий воқеа бўлди.

– Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида ишлаб чиқилган дастурларни ҳаётга татбиқ этиш, дунёда содир бўлаётган ҳодисаларни, ҳарбий ва мудофаа соҳасидаги янгиликларни таҳлил этган ҳолда илғор тажрибаларни ўрганиш, ҳарбий хизматчиларни мутахассислигидан келиб чиққан ҳолда ҳар томонлама тайёрлаш борасида амалий ишлар амалга оширилди,–дейди полковник Фарҳоджон Шерматов. –Бу жараёнда аскардан – қўмондонгача, оддий хизматчидан тажрибали мутахассисгача – барча фаол иштирок этди . Мазкур марказ эндиликда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек аҳолининг маънавиятини, маърифатини юксалтириб, маданий ҳордиқ ишларини юқори даражада ташкил этишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Яқинда амалга оширилган капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари ушбу марказга “иккинчи ҳаёт” бағишлаб, бино замонавий ва шинам кўриниш, кўркам ва муҳташам қиёфа касб этди.

Марказ биринчи қаватининг фойесида деворга моҳир ҳайкалтарош Казакбай Хожамуратов томонидан ишланган “Карвон йўлларига туташ саҳро” номли барельеф жойлаштирилган бўлиб, ушбу санъат асари Қорақалпоғистон халқининг бой тарихи, маданияти ва санъати, ўзига хос ва бетакрор табиати, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини ўзида акс эттиради. Бу ерда акс эттирилган образлар балиқчилик қорақалпоқлар учун авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ота мерос касб эканлигига ишора қилади. Чағалай қушлар эркинлик ва фаровонлик, балиқлар эса қут-барака тимсоли сифатида асарнинг мазмунини бойитган. Мазкур асарда Чилпиқ, Говурқалъа, Миздакхон каби тарихий объектлар ҳам булутлар орасида кўзга ташланиб туради. Бу эса Қорақалпоғистон тарихи жуда узоқ даврларни ўз ичига қамраб олганини англатади.

Таъмирлаш ишлари натижасида 600 ўринга мўлжалланган концертлар залида саҳна, ўриндиқлар ҳамда ердаги ва деворлардаги қопламалар тўлалигича янгиланиб, замонавийлаштирилди. Қорақалпоқ халқ миллий нақшлари билан безак берилган саҳна ва томошалар зали эндиликда ҳар қандай тадбирни сифатли ўтказиш, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг мазмунли дам олишини таъминлаш учун қўшимча қулайлик яратиб беради.

Маънавият ва маърифат марказида яратилган яна бир объект алоҳида диққатга сазовор. Зеро Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари ичида биринчи “Округ тарих музейи” айнан шу ерда яратилган. Жами 1,5 минг экспонатдан иборат бўлган музей экспозициясидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти тарихи, урф-одат ва анъаналари, ҳудудий бўлиниши, табиий ва сунъий бойликлари, миллий либослари, қадимий асори-антиқалар билан бирга бу икки заминда етишиб чиққан Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари, урушда қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот беради. 1999 йил ташкил топган Шимоли-ғарбий ҳарбий округга шу давр ичида раҳбарлик қилган қўмондонлар ҳақидаги маълумотлар, ҳарбий хизматчиларнинг республика ва халқаро ареналарда қўлга киритган ютуқлари, ўқ-дори намуналари, уруш йилларида фойдаланилган ҳарбий қурол-аслаҳалар ўрин олган. Замонавий дизайн ва ўзгача дид билан яратилган бу музей Қуролли Кучларимиз тарихининг янги саҳифаларидан жой олиши шубҳасиз.

Ўсиб камолга етаётган ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида марказнинг иккинчи қаватида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун инглиз ва рус тиллари, математика, ментал арифметика, компьютер саводхонлиги, шахмат-шашка, рақс ва бадиий гимнастика тўгаракларининг хона ва заллари энг сўнгги услубда жиҳозланди. Юрт ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида барпо этилга ҳамда замонавий тренажёр ва спорт анжомлари билан жиҳозланган фитнес ҳамда тренажёр заллари эндиликда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва соламатликни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

Мудофаа вазирлиги қўшинлари билан реал вақт мезонида видеоселектор тарзида мажлис ва йиғилишларни, халқаро тоифадаги учрашув ва давра суҳбатларни видеоконференция шаклида, алоқа тизими ёрдамида ўтказиш имконига эга бўлган 70 ўринли катта мажлислар зали ҳамда 30 ўринли кичик мажлислар зали округ қўшинларининг бошқарув тизимини янги босқичга кўтаришга қўшимча имкон яратади.

Ҳарбий округ қўшинларида рўй бераётган энг сўнгги янгиликларни тезкорлик билан телерадиоканаллар, интернет ва босма нашрлари, ижтимоий тармоқ ва месенжерлар орқали кенг ёритиш, оммавий ахборот воситалари билан узвий ҳамкорликни ушлаб туришга хизмат кўрсатаётган округ матбуот хизмати учун ҳам мазкур мажмуада алоҳида жой ажратилган. Таъмирлаш ишлари натижасида ҳарбий округнинг блиц-интервью, олинган видеотасвирларни монтаж қилиш, лавҳа ва хабарларни тайёрлаш ва узатиш ҳамда овоз ёзиш имконига эга бўлган янги медиа студияси барпо этилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА