Пойтахтимиздаги «Халқлар дўстлиги» саройида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Унга Мудофаа, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Божхона хизмати ва соҳага дахлдор бўлган бир қатор тузилмаларнинг ходимлари, фахрийлар, ҳарбий академиялар, билим даргоҳларининг курсантлари, уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Давлатимиз мадҳияси янграйди.
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ўқиб эшиттирди.
Тинч ва осойишта ҳаётимиз, ёруғ ва бехавотир кунларимиз ҳарбийларнинг фидойилиги, садоқати, матонатига бевосита боғлиқдир. Мамлакатимизда мудофаа соҳасини тубдан ислоҳ этиш, уни тезкор замон талабига монанд тарзда муттасил такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш,
давлатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудрати ва қобилиятини ошириш каби йўналишларда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилингани, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилгани, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилгани алоҳида таъкидланади.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз тарихида биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бу эса жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш учун имкон берди. “Армия ва халқ – бир тану бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари республикамиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда.
Ғоят мураккаб ва синовли тарзда мамлакатимиз, бутун халқимиз бошидан ўтган 2020 йилдаги оғир пандемия даврида ҳам ҳарбийлар коронавирус балосини бартараф этиш борасидаги курашда олдинги сафда бўлдилар. Ҳарбий шифокорлар беморларнинг ҳаёти учун минглаб тиббиёт ходимлари билан елкама-елка фидойилик кўрсатган бўлсалар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия тизими вакиллари эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини, метин интизомни сақлашга оид саъй-ҳаркатларда пешқадам бўлганини халқимиз кўриб, билиб, ўзи гувоҳи бўлиб турди.
Мамлакатимиз ҳарбийларининг фидойилиги, мардлик ва матонат намунаси эл бошига яна бир оғир синовлар тушган дамларда – Сирдарё ҳамда Бухоро вилоятларидаги нохуш вазиятларда тағин намоён бўлди.
Ватан ҳимоячилари байрамининг қутлуғ шукуҳи кезиб юрган шу кунларда кўплаб соҳа фидойилари учун янги турар жойлар қуриб, фойдаланишга топширилмоқда. Соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қуватлаш мақсадида уларнинг олий таълим олиши, ижтимоий муҳофазаси, ҳар жиҳатдан рағбати борасида янги имкониятлар яратилаётгани эътиборга моликдир.
Давлатимиз раҳбарининг фармони асосида мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг мудофаа қобилиятини янада юксалтириш, юртимиз сарҳадларининг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фидокорона ва сидқидилдан жонбозлиги учун ҳарбий йўналишдаги бир қатор вазирлик ва идоралар, тузилмаларнинг вакиллари Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Бу эса ўз жонфидо, ҳалол, сидқидилдан қилинган меҳнат мамлакатимизда доимо эътибор ва эъзозда эканининг яна бир ёрқин ифодасидир.
– Бу соҳага болаликдан қизиқаман, – деди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги взвод командири, “Жасорат” медали соҳиби Муҳаммадсоли Дўстқулов. – Аксарият касбдошларим каби ҳарбийлик наинки касб, балки юрак даъвати, умр мазмуни, орият, шаъну шараф тимсолига айланган муқаддас тушунчадир. Ўзи туғилиб ўсган юртни, ўз халқини, унинг мусаффо осмонини асраб-авайлаш, хавфсизлигини таъминлаш, бизни оқ ювиб, оқ тараган шу азиз Ватан тақдирига, унинг келажагига масъулият билан қараш шарафли бурчимиздир.
Залга ҳарбийлар, уларнинг ота-оналари, умр йўшдошлари, фарзандлари, яқинлари жам бўлган. Матонатли ҳарбийларни кўрганда уларнинг ўктамлиги, метин иродаси ҳар қайси инсон жилла қурса фарзандлари айнан улар каби мард, қатъиятли, саботли бўлиб камолга етишини орзу этиши аниқ. Дарҳақиқат, темир интизомни, Ватанга меҳр-муҳаббатни, ҳаётнинг, яқинларнинг қадрга етишни улардан ҳар қанча ўргансак арзийди.
… Жўшқин наволар янграйди. Ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқларнинг авжи ҳам, завқу файзи ҳам ўзгача. Улар қалбга қувват, шукуҳ, кўтаринкилик бағишлаши тайин. Тизимдаги бадиий жамоалар, ашула ва рақс ансамбллари, оркестрларнинг ранг-баранг чиқишлари, санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги мусиқий дастур тантанали тадбирга самимият, ўзгача байрамона руҳ бағишлади. Дарҳақиқат, посбонларимизни ҳар қанча шарафласак, эҳтиром кўрсатсак арзирли! Тантана иштирокчилари “Тинчлик учун!” қўшиғини баралла ижро этдилар. Чиндан ҳам, посбонларимизнинг барча саъй-ҳаракати, умр мазмуни юртда мудом тинчлик барқарор бўлиши учун йўналтирилгандир.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.
Назокат УСМОНОВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА.