Кобул шаҳрида Афғонистон ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қўшма кўргазмаси очилди.

Маълумки, бу икки қўшни давлат бозори бир-бири учун истиқболли ҳисобланади. Шу боис ўзаро иқтисодий, савдо алоқалари кўламини янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Майдондаги мавжуд 100 та кўргазма майдончасидан 15 таси ўзбекистонлик сармоядорлар учун ажратилган.

Кўргазмани ташкил этишда «Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш» ва «Ўзбекистон экспортчилари» уюшмалари, экспортчилар уюшмасининг ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш, маҳаллий тадбиркорлар билан ишлаш бўлимлари, шунингдек, Афғонистон Ислом Республикасидаги ваколатхонаси масъуллари ташаббус кўрсатишди.

Қайд этиш жоиз, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўпчилик мижозларда жиддий қизиқиш уйғотяпти. Иштирокчилар намойишга қўйилган маҳсулотларимизнинг сифати, бежиримлиги ва замонавийлигини эътироф этишмоқда. Табиийки, бу ҳолат икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида товар алмашинуви бўйича истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини кенгайтиради.

Ташкилотчилар ўзаро манфаатли ва мамлакатларимиз учун ҳар томонлама фойдали бундай тадбирларни мунтазам ўтказиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлашмоқда.

Диёрахон Набижонова,

“Ўзбекистон экспортчилари” уюшмаси матбуот котиби.

ЎзА