Инсультни дастлабки 4 соатда сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш усулини Ўзбекистонда жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шу мақсадда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Қозоғистоннинг «Cerebra.ai Ltd.» компанияси билан ҳамкорлик ўрнатган.
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида соғлиқни сақлашни рақамлаштириш борасида халқаро ҳамкорлик ривожига ҳисса қўшишга оид меморандум имзоланди.
Миллий палата томонидан қозоғистонлик ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда сунъий интеллектни жорий этган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича илк лойиҳани амалга ошириш режалаштириляпти. Яъни ишемик ва геморрагик инсультларни автоматлаштирилган ҳолда ташҳислаш бўйича «Церебра» тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
«Церебра» платформасига жорий этилган сунъий интеллект даволаш муассасаларида ўрнатилган компьютер томографияси билан интеграциялашганидан кейин инсультни дастлабки 4 соатда аниқлаш имконини беради.
Сунъий интеллект инсульт ядроси тўқима зичлигидаги ўзгаришни миянинг бошқа шикастланмаган тўқимаси билан солиштирган ҳолда ҳисоблашга қодир. Бу, ўз ўрнида, бош мия компьютер томографиясининг визуал маълумотларини таҳлил қилишда инсон хатосини имкон қадар камайтиришга олиб келади.
«Беморга ўз вақтида даво белгилаш мазкур лойиҳани жорий этишнинг натижаси саналади. Бу инсон саломатлиги учун муҳим бўлган энг оддий функцияларни, меҳнат қилиш қобилиятини йўқотиш хавфини пасайтиради ҳамда инсультни бошидан кечирган инсонни тезда тўлақонли ҳаётга қайтариш имконини беради» деб таъкидлади Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Ровшан Изамов.
Меморандумни имзолаш пайтида томонлар яқин икки ҳафта ичида Миллий палата мутахассислари томонидан Алмати шаҳрининг 7-сонли шаҳар шифохонасида ноёб «Церебра» тизимининг ишлаши таҳлил қилинишига келишиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни
сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати