Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов транспорт логистикаси билан боғлиқ муаммо пандемия даврида энг катта синов бўлгани ҳақида айтди.
– Бизда транспорт коридорлари у қадар кўп эмас, – деди С.Умурзоқов. – Бири Россия орқали бўлса, яна бири Қозоғистон тарафда. Қирғизистон ва Туркманистон орқали ҳам йўл мавжуд. Тўғри, Афғонистон орқали яна битта коридор бор, лекин ундан нисбатан кам фойдаланилади.
Ростини айтганда, пандемияга қадар 80 фоиз юк шимолий йўналиш ҳамда Туркманистон орқали Эрондан ўтарди. Афсуски, пандемия туфайли бу йўллар ёпилиб, улардан фойдаланиш имкони бўлмаяпти. Шу боис юкларни Қорақалпоғистон Республикасидаги “Довуд ота” пости орқали Қозоғистон, кейин Россия ва у орқали Грузия, Туркия давлатларига ўтказишга мажбур бўлдик.
Энг ёмони, пандемияда йўлакларнинг кутилмаганда ёпилиб қолгани. Бугун очиқ, лекин эртага ёпилиб қолади. Шунингдек, кўплаб давлатлар чекловлар қўйган эди. Яъни, маълум турдаги маҳсулотнинг давлатдан чиқиб кетишига тақиқ қўйилган. Қайсидир давлат озиқ-овқат турларини, бошқа бири тиббиёт буюмларини ўз давлатидан олиб чиқишни чеклаб қўйди. Улар бунинг ичига транзитми ёки ўзимизда ишлаб чиқарилганми, деган саволни қўймагани боис кўплаб юкларимиз тўхтаб қолди. Биз бу муаммоларни ўз вақтида ечишга улгурдик.
Шу ўринда юртимиздаги автомобиль йўллари ҳақида тўхталадиган бўлсак, уларнинг барчаси халқаро талабларга жавоб беради, деб айтолмаймиз. Агарда халқаро миқёсда кўрадиган бўлсак, инвесторларнинг қарорига тўғридан-тўғри таъсир қиладиган бир қанча омиллар бор. Йўлларнинг сифати бу омилларнинг биринчи ўнлигига киради. Чунки, йўл жуда катта ва муҳим омил.
Бу борада қиладиган ишларимиз жуда кўп. Шу боис бу йилги инвестиция дастурида ҳам йўлларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, жорий йилда 798 миллион долларлик ишлар режалаштирилган. Бу маблағнинг манбаси бор, бизни ташвишга солаётган масала, бу лойиҳалар бажарилиши қанчалик шаффоф, сифатли, тежамкор бўлиши.
Тан олиш керак, йўлларнинг асосий қисми давлат бюджети ҳисобидан таъмирланади. Қолган бир қисми ташқи қарз, яъни катта молиявий ташкилотлардан олинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Мустақиллигимизга ҳам 30 йил бўлиб қолди. Шу даврда бизда тендерларда иштирок этиб, халқаро йўлларни қуриш, таъмирлаш ёки реконструкция қилиш салоҳиятига эга бўлган қурилиш компаниялари шаклландими-йўқми, деган саволнинг жавоби ҳаммага аён. Бу соҳада нохуш ҳолатларга йўлга қўйилгани бор гап.
Лекин энди бундай бўлмайди. Жорий йилнинг 1 январидан Президентимиз қарори билан янги тизим яратилмоқда. Шаффофликни, имкон қадар тежамкорлик ва сифатни таъминлаш борасида.
Бизда дастур бор. Бунинг учун Хоразмда синов тариқасида маҳаллабай ишладик. Ички йўлларни ўрганишда аҳолининг фикрини ҳисобга олиб, дастурни пастдан шакллантирдик. Бунда маҳаллани қайси йўлларини таъмирлаш керак, қайси бири энг кўп таъмирталаблиги ҳақида тадбиркорлар ва маҳалла фаолларининг фикрлари инобатга олинди. Шунга кўра, йўлни таъмирлаш учун пудратчи сифатида шу маҳалла тадбиркори танланади. У ўзи яшайдиган кўчани таъмирлашда ўғрилик ёки қаллоблик қилмайди. Ахир, бу йўлдан фарзандлари, ота-онаси, ўзи ҳам фойдаланади.
Шунинг учун пастга тушиб, реал ҳолатда дастур шакллантирсак, самараси юқори ва натижаси чиройли бўлади.
Сайёра Шоева, Ёқуб Мелибоев, ЎзА