Кеча АҚШ конгресси вакиллар палатаси кўпчилик овоз билан амалдаги президент Дональд Трампга нисбатан импичмент эълон қилди. Ушбу қарорни Трампнинг ўн нафар партиядоши ҳам қўллаб-қувватлаган. Шундан кейин давлат раҳбари мурожаат билан чиқди, аммо мурожаатда импичмент мавзусига изоҳ берилмаган. Бундай воқеа АҚШ тарихида илк бор кузатилмоқда.
Амалдаги президентни бўшатиш учун 232 нафар конгрессмен овоз берди, 197 депутат қарши чиқди. Шу тариқа у АҚШ тарихида икки марта импичмент эълон қилинган илк президент бўлди.
Трампга нисбатан исён уюштириш айби қўйилмоқда. Вакиллар палатаси резолюциясида президент “оғир жиноят ва ножўя иш қилган”, дея таъриф берилмоқда.
Давлат раҳбарини ҳокимиятдан муддатидан олдин четлатиш учун сенатда импичмент эълон қилиш етарли. Бинобарин, юқори палата спикери, республикачи Митч Макконелл сенаторлар бу ишни давлат раҳбари ваколати тугагунга қадар, яъни 20 январгача амалга оширмайди, дея баёнот берган. Импичментни кейинроқ, яъни президент ўз лавозимини тарк этгандан кейин эълон қилиш мумкинми, деган савол эса, ҳозирча, очиқ қоляпти. Сабаби, конгресс тарихида бундай амалиёт ҳали учрамаган.
«Мамлакат учун таҳдид»
Вакиллар палатаси мажлиси чоршанба куни кечгача давом этди. Палата спикери Нэнси Пелоси ўз чиқишида Трампнинг хавфли экани ва албатта, кетиши кераклигини айтган.
«Ушбу исёнга Қўшма Штатлар президенти ўт ёққани ҳаммамизга маълум, қуролли чиқиш мамлакатимизга қарши уюштирилди. У кетиши керак. Табиийки, у биз яхши кўрадиган мамлакат учун энг хавфли шахс ҳисобланади», – дея таъкидлаган Пелоси.
Палата ички тартиби бўйича қўмита раҳбари Жорж Макговерн эса Трамп раҳбарлигида Капитолийга ҳужум қилганлар кўзларида «ёвузлик нишонасини кўрган»ини таъкидлаган.
Унинг айтишича, конгресс биноси ичида қолган ходимлар телефон орқали оила аъзоларига бинодан чиқа олишига ишонмай, видолашув хабарномаларини жўнатган. «Мазкур норозилик намойиши, бу исён. Мамлакатимизга қарши Дональд Трамп томонидан илҳомлантирилган ва яхши ташкиллаштирилган ҳужум», – дейди конгрессмен.
Трампга партиядошлари ҳам қарши
АҚШ конгресси вакиллар палатасининг 10 нафар республикачи аъзоси импичмент эълон қилинишига розилик билдирди.
Оммавий ахборот воситалари собиқ вице-президент Дик Чейнининг қизи, конгресснинг республикачи аъзоси Лиза Чейни Трамп “оломонни чақириб, тўплаганликда ва АҚШ Капитолийсига ҳужум оловини ёққанликда» айблагани тўғрисида ёзган.
Трамп мурожаати
Трамп вакиллар палатаси импичмент эълон қилгандан кейин оммага видеомурожаат йўллаб, яна бир бор зўравонликни қоралади, одамларни ярашишга чақирди, бироқ импичмент масаласида изоҳ бермади. Якунда америкаликларни бутун эътиборни мамлакат манфаати учун жипслашишга, бирлашишга чақирди.
Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари видеомурожаатда сўз эркинлигига таҳдид кучайганини ҳам таъкидлаган. Бу билан ижтимоий тармоқда ўз аккаунтлари ёпиб қўйилганига шаъма қилган. «Ҳозир кескин ва мураккаб давр: цензурани кучайтириш, ҳуқуқни тортиб олиш ва фуқароларимизни қора рўйхатга киритиш нотўғри ва хавфлидир», – деган у.
Трамп кишиларни «бир-бирини сукут сақлашга ундаш эмас, балки бир-бирини эшитишга” чақирган.
Капитолийда, асли, нима бўлган эди?
Дарвоқе, 6 январь куни Трамп Оқ уй яқинида уюштирилган митингда сўзга чиқиб, ўз тарафдорларини сайлов натижаларини муҳокама қилиш учун “кучсиз республикачиларга” ёрдам беришга чақириб, Капитолийга боришга ундаган. Шу куни конгрессда сайлов якунларига узил-кесил нуқта қўйиш бўйича мажлис бўлаётганди.
Шундан сўнг оломон Капитолий биносини ўраб олиб, бино ичига бостириб кирди ва демократ Жо Байденнинг президентлик сайловидаги ғалабасини тасдиқлаш юзасидан бўлиб ўтаётган конгресс қўшма сессияси ишини тўхтатиб қўйди. Тартибсизлик беш киши ҳаётига зомин бўлди.
Шундан кейин демократлар вице-президент Майк Пенсни конституцияга киритилган 25-тузатишга мувофиқ, ўз вазифасини бажара олмаётганликда айблаб, Трампни лавозимидан четлатишга чақирди. Пенс эса ушбу жараён кўп вақт олишини рўкач қилиб, бу ишни амалга оширишдан бош тортди. Зеро, шундай ҳам 20 январда Трампнинг президентлик ваколати ниҳоясига етади.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА