Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоялашга, бунинг бозор муносабатлари тизимига айнан мос механизмларини яратишга йўналтирилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил амалга оширилмоқда.

Мазкур ислоҳотларнинг маҳсули, шунингдек, фуқаролик жамиятининг муҳим элементи ҳисобланган ҳакамлик судларининг қарор топганлиги диққатга сазовордир.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳакамлик судининг моҳияти ҳамда афзалликлари хусусида Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси раиси, олий даражали ҳақиқий ҳакамлик судьяси Ҳамза МАҲМУДОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли кафолатлаш, қонун устуворлиги ҳамда ижтимоий адолатни таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг муҳим йўналиши бўлган суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришнинг ҳозирги босқичида ҳакамлик судлари низоларни муқобил ҳал қилишнинг фуқаролар ва тадбиркорлар ишончига сазовор бўладиган институти сифатида қарор топди ва самарали фаолият юритмоқда.

Демократик фуқаролик жамияти шакллана боргани сайин кўплаб ижтимоий муносабатларнинг иштирокчиси бўлган фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш вазифасини янги-янги ижтимоий институтлар ўз зиммасига олиши мумкин ва лозим. Бу низоларни муқобил ҳал этиш шакллари вужудга келиш жараёнини англатади. Улар воситасида низолар анча тез ечим топади, уларнинг тарафлари давлат бюрократиясидан холи тарзда фуқаровий шакл ва усуллар ёрдамида, кам ҳаражат эвазига ўз ҳуқуқлари тикланиши имкониятига эга бўладилар. Бундай афзалликлар тадбиркорлик субъектлари учун, айниқса, кичик тадбиркорлик субъектлари учун ниҳоятда муҳимдир.

Ҳакамлик судлари фаолияти ва низоларни ҳал этишнинг муқобил усуллари нафақат фуқаролар ва юридик шахслар, балки давлат учун ҳам аҳамиятлидир. Ҳакамлик судларининг роли давлат судларига қарама-қарши эмас, балки низоларни ҳал қилишнинг ўзгача, янги усулини таклиф қилишдир. Бинобарин ҳакамлик судларини ташкил этишдан мақсад қандайдир янги ҳуқуқий тизимни шакллантириш, деб ўйлаш тўғри эмас.

Президентимизнинг 2020 йил 17 июндаги “Низоларни муқобил ҳал этишнинг меҳанизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш, уларнинг фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган институтларга айланишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Бу янги институт бўлиб, агар давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари натижасида фуқаролар, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, фуқаролар ва юридик шахслар Апелляция кенгашларига мурожаат қилишлари мумкин бўлмоқда.

Ҳакамлик суди – фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этувчи нодавлат орган. Ҳакамлик суди низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва қонуности ҳужжатлари асосида ҳал қилади. Ҳакамлик суди низоларни ҳал қилишнинг энг самарали усулларидан биридир. Ҳозирги вақтда унинг қонуний асоси яратилган.

Мамлакатимизда “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонун кучга кирган санадан эътиборан давлат (иқтисодий, фуқаролик) суди билан бир қаторда ҳакамлик судларининг фаолияти йўлга қўйилиб, суд-ҳуқуқий ислоҳотларининг янги муҳим босқичи бошланди.

Қонуннинг барча қоидалари ҳакамлик судлов юрисдикцияси табиатини ифодалайди. Албатта, қонун ва низоларни ихтиёрий тарзда давлат судини рад этиб, ўзининг мулкий низосини ҳал этиш учун тегишли ҳакамлик судига мурожаат этган ва қатнашчилар ўзларининг хоҳиши миқёсида танлаган ҳакамлик суди ҳақиқатда ҳам одил судловни амалга ошириши табиий. Ҳакамлик келишуви томонлари учун ҳакамлик судида ишни кўриш танлови уларнинг ўз мулкий манфаатларини давлат суди орқали ҳимоя этишга бўлган конституциявий ҳуқуқидан воз кечишини англатмайди.

Қонунда белгиланган таърифларнинг таркиби, мазмуни ва улар қанчалик муваффақиятлилиги борасида ҳар қанча мунозара қилиш мумкин ва бунинг асосида у ёки бу шаклда муайян мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларнинг хусусий-ҳуқуқий ва оммавий-ҳуқуқий элементларини чегаралаш ёки бирлаштириши мумкин.

Аммо ҳар қандай ҳолатда, шундан келиб чиқиш жоизки, ҳакамлик судлари қарорлари фақатгина тегишли низо иштирокчилари учун мажбурийдир ва фақатгина уларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахлдор бўлиб, учинчи шахсларга нисбатан, айниқса, давлат органларига нисбатан ҳеч қандай мажбурий юридик оқибатларни келтириб чиқармайди.

Низоларни ҳал қилишнинг ҳакамлик судлов шакли, аввало, ундан фойдаланиш имконияти мавжудлиги ва демократиклиги, ишни кўриб чиқиш муддатини қисқартириш имконияти ҳамда бошқа бир қанча ҳолатлар тадбиркорлик субъектлари учун жозибадордир.

Ҳакамлик суди адолатни излаш ва мураккаб вазиятдан чиқишнинг шаклларидан бири. Бу инсонлар ўртасидаги низоларни ҳал қилишнинг маданий ва маърифий шакли бўлиб, у бутун кишилик тарихи давомида давлат суд органлари билан бир қаторда турли келишмовчилик ва можароларга ечим топишнинг ҳуқуқий воситаси деб тан олинган.

“Ҳакамлик суди” деган тушунча умуман ҳакамлик (арбитраж) суди, халқаро ва хорижий арбитраж деган маъноларини қамраб олади. Бир мамлакат ҳудудида тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни кўриб чиқувчи ҳакамлик (арбитраж) судини низоларни хорижий унсур иштирокидаги низоларни ҳал этувчи ҳакамлик (арбитраж) суди сифатида фаолият кўрсатувчи халқаро тижорат арбитражидан фарқлаш лозим.

Ҳакамлик судлари бу давлат судлари тизимидаги суд структураси эмас, балки унга параллел ва иштирокчилар ихтиёрий битими ва хусусий-ҳуқуқий муносабатларга асосланган нодавлат нотижорат ташкилотдир. Ҳакамлик судлари юридик шахс эмас. Ҳакамлик судининг ноёблиги ва ўзига хослиги шундаки, унинг қарорлари давлат кучи ва обрўси томонидан ҳакамлик судига судлов расмий ҳокимият ваколатларини берувчи давлат судлари томонидан ижро варақаларини бериш орқали таъминланади. Мустақил ҳакамлик судларининг давлат тизимидаги судлардан фарқи сифатида, биринчи навбатда, ҳакамлик судида низони кўриб чиқиш иштирокчиларининг процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларини танлашдаги эркинлигини таъкидлаш лозим.

Ҳакамлик судлари суднинг мустақиллигини, ҳалоллигини, бетарафлигини ва юқори профессионал малакасини таъминлайди. Фақат юристлар эмас, балки хўжалик соҳасидаги турли тармоқларнинг юқори малакали мутахассислари ҳам ҳакамлик судьялари бўлишлари мумкин. Улар тайинланмайди, балки уларни тарафлар ўз хоҳишларига кўра сайлайдилар.

Ҳакамлик суди ишни кўриб чиқишнинг тезлигини ва холислигини таъминлаб, айни пайтда тижорат сирлари қатъий сир сақланишини кафолатлайди. Ҳакамлик судлари тўғрисидаги деярли барча қонунчилик ҳужжатларида тарафлар ўз хоҳишлари билан судлов (арбитраж) жойи тўғрисида келишиб олиши мумкинлиги назарда тутилган. Бу тарафлар учун доимий ишлайдиган ҳакамлик судининг кўчма сессияси ўтказилиши мумкинлигини билдиради.

Судлов бу турининг тежамлилиги ва давлат пошлинаси тўлаш заруратининг йўқлиги (ёки минималлиги), шунингдек, ҳакамлик суди қарорини ижро этишнинг ихтиёрийлик тамойили, қарорга амал қилинмаган тақдирда қарорни давлатнинг мажбурлаш тизими орқали ижро эттириш кафолати унинг муҳим шартларидир. Шунингдек, ҳакамлик судида иш кўришнинг руҳий жиҳатдан сокинлигининг, яъни судда ишнинг эркин вазиятда кўрилишини, бюрократик талаб ҳамда тўсиқларнинг йўқлиги, ҳар бир ишнинг алоҳида ёндашув билан кўрилиши, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муҳити таъминланишининг аҳамиятини таъкидлаш лозим.

Ҳакамлик судининг моҳияти яна шундаки, бунда тарафлар уларнинг ишини кўрадиган судьяни ўзлари эркин танлаш ҳуқуқига эга эканлигидир. Ҳакамлик судининг давлат судларидан фарқи шундаки, иш бир ой муддатда кўриб чиқилади. Мижоз томонидан тўланадиган ҳакамлик йиғими, одатда, давлат судларига тўланадиган божнинг ярмига тенг миқдорда белгиланади.

Ҳакамлик судига шартнома низоларини ҳал қилиш учун икки томон келишган ҳолда келади. Улар шу ишни ҳакамлик суди кўриб чиқиши учун ҳакамлик битимини тузадилар. Агар бу битимга икки томондан биттаси имзо чекмаса, ҳакамлик суди бу ишни кўрмайди. Тарафлар орасида ҳакамлик битими тузилгачгина судья ишни бошлайди. Агар мижоз ишни суд биносида эмас, у таклиф қилган жойда кўрилишини истаса, суд буни инобатга олади. Бироқ иккинчи томон бунга рози бўлмаса, суд буни рад этади ва ишни суд биносида кўриб чиқади. Ҳал қилув қарори ҳам томонлар истагидан келиб чиқадиган мазмунда бўлади.

Мазкур судда ишни кўришда иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва бурчларининг ҳам фарқи бор. Ҳакамлик судлари давлат судлари тизимига кирмагани боис, унинг иштирокчиларига ёлғон кўрсатма бергани, экспертнинг очиқдан-очиқ ёлғон хулоса бергани, нотўғри таржима ёки гувоҳнинг кўрсатма беришдан бош тортгани учун жавобгарлик қўллаши мумкин эмас. Демак, ишончлилик нуқтаи назаридан ҳакамлик судида эксперт хулосаси ва гувоҳнинг кўрсатмаси тарафларнинг изоҳ беришлари каби бир хил далил кучига эгадир.

Бундан ташқари, ҳакамлик суди ҳокимият ваколатлари бўлмаган орган сифатида гувоҳни кўрсатма бериш учун судга келишга мажбур қилишга ҳақли эмас. Албатта, ҳакамлик судида ишни кўриш жараёни доирасида тарафларнинг далилларни тўплаш имконияти давлат судлови жараёнидагидан камроқдир. Бироқ шу билан бир вақтда, ишни ҳакамлик судида кўриш доирасида тарафларда даъво талабларини ўзгартиришга, унга аниқлик киритишга, масалан, даъво предметини ва асосини бир вақтнинг ўзида ўзгартиришга имконият кўпроқ.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, ҳакамлик судлари ўз фаолиятини қонунийлик, мустақиллик, ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги (конфиденциаллик), ҳакамлик судьяларининг холислиги, диспозитивлик, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортушуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширадилар.

Ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида берилган. Бироқ биз фуқаролик (иқтисодий) суд ишининг бошқа умумий принциплари ҳам ҳакамлик муҳокамасига ўз таъсирини кўрсатиши ҳақида гапиришимиз мумкин.

Ҳакамлик муҳокамаси тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи муҳим амалий усулларидан биридир. Зеро, унинг принциплари тадбиркорлик эҳтиёжлари учун тўла жавоб беради. Ҳакамлик судлари фаолияти асосига тарафларнинг низони аслига кўра ўзлари танлаган органга мурожаат этишда ихтиёрийлик ва ишончлилик принциплари қўйилган.

Ҳакамлик судлови муҳокамаларининг принциплари ҳакамлик судлари тўғрисидаги миллий қонунчиликнинг асосий, бошланғич, раҳбарий ғояларини, фундаментал талабларини ташкил этади. Айни вақтда мазкур принциплар ушбу ноёб институтнинг мантиқий изчил тизим сифатида фаолият юритишини таъминлайди. Ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари ҳакамлик тизимининг, ҳакамлик муҳокамаларининг барқарорлигини, ички жараёнларининг изчил кетма-кетликда равон, ўзаро мутаносиб ҳамда яхлит жараён тарзида кечишини кафолатлайди.

Ҳакамлик судловининг принциплари фуқароларнинг хусусий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофазалаш манфаатлари, тадбиркорлик субъектлари фаолияти табиати учун максимал даражада мос келади. Зотан, ҳакамлик судлари фаолиятига тарафларнинг низони асл мазмунига кўра, ўзлари танлаган судлов таркибига эркин ҳамда ишонч асосида тақдим этиши тамойили қўйилган.

Қонунийлик принципи амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва умумий қабул қилинган амал қилиш асосларидан келиб чиққан ҳолда ҳакамлик судларини суд ишининг умумий принципларига риоя қилишга мажбур этади. Шу тариқа, ҳакамлик муҳокамасида судьялар мустақиллиги принципи умумий юрисдикция судларидагига қараганда муҳимроқдир, чунки тарафлар ўзлари судьяларни мустақил танлайдилар ва, аниқки, улар танлаган судья камида унинг низодаги ўрнини тушуниши ва қўллаб-қувватлашидан манфаатдор.

Баъзи принциплар махсус меъёрий ҳужжатларда қайд этилмаган бўлса-да, шунга қарамасдан ҳакамлик судьялари томонидан қўлланилиши шарт, чунки улар умуммажбурий ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқади. Масалан, тарафларнинг қонун ва суд олдида тенглик принципи умумий конституциявий асослардан келиб чиқади.

Маълумотлар ошкор қилинмаслиги ҳакамлик муҳокамасининг принципи деб тан олиниши тарафларга уларнинг низолари кўрилиши очиқ ёки ёпиқ тарзда бўлишини мустақил аниқлаш ҳуқуқини қайд этади.

Тарафлар ҳакамлик битимига кўра, низони очиқ муҳокама этиши кўзда тутилган ҳоллардан мустасно ҳолатларда низоларни муҳокама этиш ёпиқ мажлисларда амалга оширилиши ҳақидаги шартни ҳакамлик суди регламентига киритиш мумкин. Бу қоиданинг амалга киритилиши суд муҳокамасининг ошкоралиги умумфуқаровий принципига мос бўлмаслигига қарамасдан, ҳакамлик судлови ишлари учун алоҳида принциплар ва қоидаларни киритишлари мумкин.

Ҳакамлик муҳокамаси маълумотларини ошкор қилмаслик принципи шахс ва унга тегишли маълумотларни, тадбиркорлар учун эса тижорат сирларини ошкор этмаслик нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Бунга кўра, учинчи шахслар, шунингдек, журналистлар, жамоатчилик вакиллари суд мажлисида иштирок этиши мумкин эмас. Ушбу принципнинг тадбиркорлик субъектлари учун аҳамияти шундаки, улар ўз муаммолари, низолари жамоатчилик нигоҳига тушишини истамайдилар. Бу ҳол ҳамкорлар ўртасида уларнинг обрўсига путур етказиши мумкинлигини ҳам назардан қочирмаслик лозим.

Ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонуннинг 28-моддасига биноан, ҳакамлик судьяси ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмас. Бундан ташқари, юқоридаги нормага кўра, ҳакамлик судьяси ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас. Бундан шу маъно келиб чиқадики, қонун конфиденциал ахборот хусусида “гувоҳлик иммунитети” (дахлсизлиги) институтини мустаҳкамлайди.

Мазкур принципни қўллаш борасида ҳар бир вазиятда низонинг тарафлари ўзаро келишиб оладилар. Ҳакамлик муҳокамаси ёпиқ ёки очиқ бўлиши масаласида ҳам тарафлар мустақил қарор қабул қиладилар. Маълумотларни ошкор қилмаслик принципини бузганлик учун қонун жавобгарлик масаласини назарда тутмаган. Аммо бу масалада ҳакамлик судьяси, муҳокамага дахлдор бошқа шахслар позитив (ижобий) жавобгарлик, яъни масъулият ҳиссига эга бўлишларига умид қилинади.

Ҳакамлик муҳокамаси ҳақидаги маълумотларнинг ошкор этилиши фақатгина тарафлар розилиги билан рўй бериши мумкин. Ҳакамлик суди ҳеч бир тарафдан исбот излаш ёки талаб қилишга аралашмайди, чунки бу умумий қабул қилинган тарафлар тортишуви принципини бузишни англатади.

Ҳакамлик  судлари ўз фаолиятида диспозитивлик принципига таянади. Бу принцип субъектларнинг ҳуқуқий муносабатлар таркиби, уларнинг судлов ҳимояси усули ва воситалари ўзлари томонидан аниқлаш эркида намоён бўлади.

Бироқ мазкур принцип хусусий-ҳуқуқий автономия чегараларидан ташқарига чиқмайди, шунинг учун тарафларнинг суд ишида ўзларини эркин тутиш ҳуқуқи қатъий аниқланган чегаралар билан белгиланган. Ҳар бир тараф суд ишида фақатгина бу орқали бошқа шахслар ҳуқуқи бузилмаган ҳолдагина ўз ҳуқуқини амалга ошириши мумкин.

Ҳакамлик суди ишида диспозитивлик принципининг ўзига хослиги тарафларга ўзларига ҳуқуқ ва мажбуриятлар бериши ва уларга ўз ихтиёрига кўра риоя этиш, ҳимоя усулини белгилаш, ҳуқуқий муносабатлар келиб чиқиши вақти, уларнинг ўзгариши ҳамда тугатилишини белгилаш ва бошқалар бўйича тегишли имкониятларни беришдир.

Ҳакамлик суд ишида диспозитивлик принципи ҳуқуқ борасида низо келиб чиққунича намоён бўлади. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлари тарафлари шартнома тузишда унинг матнига ҳакамлик шартини киритганларида, шу пайтда диспозитивлик принципига асосан улар ўзлари ораларида келиб чиқувчи низоларни кўриб чиқиш учун муайян ҳакамлик судини танлайдилар.

Суд ишининг яна бир муҳим принципи – тортишувлик принципи айнан ҳакамлик суд ишида ёрқин намоён бўлади. Давлат судидан фарқли равишда, ҳакамлик суди исбот тўплашда иштирок этиш ёки давлат манфаатларини ҳимоя этиш ҳуқуқига эга эмас ва иштирок этишга ҳам мажбур эмас. Тортишувлик тамойили тарафлар ҳар бири ўз исботларини низодаги ўз ўрнини асослаш учун тақдим этишида кўринади. Ўз фойдасига кўпроқ ва яхшироқ асосланган далилларни тақдим этган тараф ишни ўз фойдасига ҳал қилишга эришади. Яъни, далиллаш вазифаси тарафларга тегишли, суд эса бетараф ва объектив мақомда туради.

Ҳакамлик судлари маъмурий, оила ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этишлари мумкин эмас.

Ҳакамлик суди ваколати ҳақидаги масала энг мунозарали, долзарб масала, деса бўлади. “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддаси биринчи қисми ҳакамлик судига фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни ҳал этиш ҳуқуқини беради. Бу умумий ва мавҳум белгилашдир, чунки  бундай низолар доираси жуда кенг ва, албатта, фуқаролик муносабатларидан барча низолар ҳамҳакамлик суди ваколатига киравермайди.

Шу тариқа хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш, сервитут ҳуқуқини ўрнатиш, кўчмас мулк билан боғлиқ келишувлар бўйича низолашиш ва уларни рўйхатга олиш органида рўйхатдан ўтказиш, давлат мулкини хусусийлаштириш ҳақидаги низолар, низолашув мулкда давлат улуши мавжудлиги ҳусусидаги низолар муаммовий бўлиб қолаверади. Бу ерда олимлар ва мутахассислар фикрлари фарқланади ва бу муаммоларни фақатгина бошқа мамлакатлар тажрибаси ва қонунчилик ҳужжатларининг у ёки бу ҳолатларини расмий изоҳлашга асосланган миллий судлар тажрибаси ҳал этиши мумкин.

Бола асраб олиш, юридик фактни белгилаш, алиментларни ундириш, фуқарони мажбурий тарзда психиатрик касалхонага ёки стационарга ётқазиш, меҳнат соҳасидаги низолар, қарз тўлашга қурби етмаслик тўғрисидаги ишлар (банкротлик), маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, солиқ муносабатлари ва давлат органларининг маъмурий фаолияти билан боғлиқ низолари ҳакамлик судлари юрисдикциясига кирмайди.

Модданинг иккинчи қисмида қонун чиқарувчи орган ҳакамлик судларига “…қонунда назарда тутилган бошқа низолар…”ни кўриб, ҳал этишни ман этади. Қонунда бошқа судлар ваколатига берилган низолар ҳам назарда тутилган, масалан, давлат ҳокимият органи томонидан етказилган зарар ҳақидаги даъволар.

Таъкидлаш керакки, қонунда ҳакамлик судлари ваколатининг чекланишининг барча ҳолатлари кўзда тутилмаган, бу эса ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинишига олиб келиши ҳам мумкин. Айтиб ўтилганидек, мулкда давлат улуши мавжудлиги ҳақидаги низолар бўйича ишларнинг ҳакамлик судига судловлиги тўғрисидаги масала баҳсли. Бу улуш 5, 20, 50 ёки 95 фоиз бўлиши мумкин.

Бундай низоларни ҳакамлик суди томонидан муҳокама этилишининг қатъий ман этилиши мавжуд эмас. Лекин аёнки, давлат мулки, ҳокимият органлари ва бошқа органлар ваколатидаги масала, бу эса бундай низоларни ҳакамлик судларида кўриб ҳал этилишини қийинлаштиради.

Қонун ҳакамлик судларининг доимий фаолият кўрсатувчи ва муваққат турларини назарда тутади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди юридик шахс томонидан ташкил этилиши мумкин ва унинг ҳузурида фаолият кўрсатади. Юридик шахс доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилганида, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларини ва ҳакамлик судьялари рўйхатини тасдиқлаганида ташкил этилган деб ҳисобланади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс унинг ташкил этилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаларини ҳакамлик суди жойлашган ердаги адлия органига юборади. Мазкур турдаги ҳакамлик суди ўз номи ёзилган бланка ва юмалоқ муҳрга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китоб варақлари, валюта ҳисобварақларига ҳамда бошқа банк ҳисобварақларига эга бўлиши мумкин. Ушбу ҳакамлик суди ўз фаолиятини тугатиши тартиби доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари билан белгиланади.

Муваққат ҳакамлик суди ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан муайян низони ҳал этиш учун улар томонидан ташкил этилиб, низо кўриб чиқилганидан кейин ўз фаолиятини тугатади. Ҳакамлик судида раислик қилувчи ёхуд ҳакамлик судьяси ҳакамлик битими нусхасини ва муваққат ҳакамлик суди ташкил этилганлиги тўғрисидаги хабарномани мазкур суд жойлашган ердаги адлия органига ҳакамлик муҳокамаси бошлангунига қадар юборади. Муваққат ҳакамлик судини ташкил этиш тартиби ҳакамлик битими тарафлари томонидан қонунга мувофиқ белгиланади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг низоми – ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс томонидан тасдиқланадиган локал ҳужжат бўлиб, у доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг ҳуқуқий мақомини, ташкил этилишини, фаолиятини тартибга солади.

Шунингдек, унинг мазкур ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс ҳамда бошқа юридик шахслар билан ўзаро муносабатларини белгилайди.

“Ҳакамлик суди тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддаси “ҳакамлик судининг ваколати” деб номланиб, унга кўра, ҳакамлик суди ўз ҳал қилувига топширилган низони, шу жумладан, ҳакамлик битими йўқлиги ёки ҳақиқий эмаслиги сабабли ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бири ҳакамлик муҳокамасига қарши эътироз билдирган ҳолларда низони кўриб чиқишга ваколати борлиги ёхуд йўқлиги ҳақидаги масалани мустақил равишда ҳал этади.

Низо ҳакамлик суди томонидан мазмунан кўриб чиқилгунига қадар ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судида ўз ҳал қилувига топширилган низони кўриб чиқишга ваколат йўқлиги ҳақида арз қилишга ҳақли.

Ҳакамлик судлари низоларни ҳал қилишда муқобил имкониятларга эга эканлиги намоён бўлмоқда. Уларда низоларни кўриб чиқишдаги тезкорлик ҳамда камхаржлик фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини танлов асосида, ихтиёрийлик тарзида ҳакамлик судларига мурожаат этишини кенгайтирмоқда. Бир сўз билан айтганда, низолашаётган тарафлар давлат судларидан кўра, ҳакамлик судларида ўз муаммоларини ҳал этишни афзал кўрмоқдалар.

Хорижий амалиётдан келиб чиқиб оладиган бўлсак, Сингапур давлатида 2019 йилда ҳакамлик судларида жами низоларнинг 95 фоизи кўрилган. Давлат судларида эса низоларнинг фақатгина 5 фоизи кўрилган.

Мамлакатимизда ҳам ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари вужудга келтирилиб, изчил такомиллаштириб борилаётганлиги фуқаролар ва юридик шахсларнинг судларга эркин мурожаат этиш ҳуқуқини кафолатлашда муҳим ўрин тутаётганлиги жиддий эътиборга моликдир. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилда ҳакамлик судида жами 1 минг 454 та иш кўрилди. Бу кам дейишимиз мумкин. Чунки пандемия кўп соҳалар қатори ҳакамлик суди фаолиятига ҳам таъсир этмай қолмади.

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланиб боргани сайин нодавлат тузилмалар кўлами ортиб бориши табиий. Бу тенденция ҳакамлик судлари тизими кенгайиб ҳамда янада такомиллашиб боришига ҳам тааллуқлидир. Аҳолининг, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги, маданияти, билим ва савияси юксалиб бориши туфайли улар ўз танловларини низоларни муқобил ҳал этиш институтлари, шунингдек, ҳакамлик судлари фойдасига қаратиши кўп карра ортади.

Демак, истиқболда ҳакамлик судлари фуқаролар ва юридик шахслар ўртасидаги можаро ва низоларни замонавий усуллар билан ҳал этишда асосий ўрин эгаллайди. Шу боис, бугунги кундаги энг долзарб вазифа – ҳакамлик судларида низоларни кўриш тартибининг, муҳокама жараёнлари ва қарор қабул қилишнинг ҳуқуқий механизмларини изчил такомиллаштириб боришдан иборат.

ЎзА мухбири     

Нурилло НАСРИЕВ

ёзиб олди.