Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Жиззах вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Марказий ҳарбий округнинг артиллерия бригадасини бориб кўрди.
Мазкур ҳарбий қисмда катта ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, барча замонавий қулайликлар яратилган. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу шароитларни кўздан кечирди.
– Асосий мақсадимиз – халқ билан армия бирдамлиги. Ҳарбий қисмлар эшиклари эл учун очиқ бўлиши керак. Миллий армиямизнинг нури, маънавияти ҳаммага етиб бориши зарур. Ёшларни бу ерга олиб келиб кўрсатиш, ўргатиш керак. Бу уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз тарихи ва қудрати ҳақида билимларини бойитишга хизмат қилади. Бундан ота-оналар ҳам хурсанд бўлади, – деди Президент.
Ўқув биноси энг илғор ҳарбий тайёргарлик талабларига мос жиҳозланган. Ўқув тренажёрлари жанговар вазиятга максимал яқинлаштирилган.
Давлатимиз раҳбари аскарларнинг ўқув машғулотларини кўздан кечирди. Ҳарбий билим ва кўникмаларни мактаб давриданоқ тўғри йўлга қўйиш, ҳарбий билим юртлари билан ҳарбий округлар ўртасидаги алоқани кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга бугун дунёда кузатилаётган хавф-хатарлардан келиб чиқиб, жанговар тайёргарликни янги поғонага кўтариш, хориж тажрибасини ўрганиш, энг илғор ахборот технологияларини ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ётоқхоналарда ҳарбий хизматчиларнинг яшаши, дам олиши, вақтини мазмунли ўтказиб, билимларини мустаҳкамлаши учун барча қулайликлар бор.
Ҳарбий қисм ошхонасига хизмат кўрсатиш бўйича аутсорсинг тизими жорий қилинган. Бу аскарларнинг ҳамма вақти ва куч-ғайратини профессионал тайёргарликка қаратиш имконини бермоқда.
Шавкат Мирзиёев ҳарбий қисмдаги тиббиёт пунктини кириб кўрди. Бу ерда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига малакали хизмат кўрсатилмоқда.
Президентимиз ушбу пунктдаги ускуна ва кадрлар салоҳиятидан фойдаланиб, ҳарбий қисм яқинидаги Олмачи маҳалласи аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш, халқ саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг захираси сифатида ҳар бири 500 ўринли иккита мобил госпиталь ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари “Фориш” тоғ полигонида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлиги билан танишди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари 2018 йил март ойида мазкур ҳудудда бўлиб, бу ерни намунавий полигонга айлантириш, янги концепция ишлаб чиқиб, мамлакатимиздаги барча ҳарбий полигонларни модернизация қилиш бўйича топшириқлар берган эди. Шулар асосида ушбу махсус ўқув-синов майдони замон талабларига мослаштирилди, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор шароитлар яратилди.
Бунинг натижасини база инфратузилмаси янгиланганидан сўнг, бу ерда 2019 ва 2020 йилларда ўтказилган Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси биринчиликни қўлдан бой бермай келаётганида ҳам кўриш мумкин.
Полигон ҳудудида қурилган объектлар ҳақида дастлаб жой макети орқали маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари ҳарбийлар ётоқхонаси, сузиш ҳавзаси, спорт залидаги шароитлар билан танишди. Марказий ва Шарқий ҳарбий округларнинг регби бўйича терма жамоалари мусобақасини кузатди.
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ҳарбий хизматчилар билан бир дастурхон атрофида самимий суҳбатлашди. Истеъдодли аскарлар бахшичилик санъатидан намуналар ижро этди.
Давлатимиз раҳбари «Фориш» тоғ полигонида қўшинлар ихтиёридаги замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни кўздан кечирди.
Ундан сўнг Марказий ҳарбий округ қўшинларининг шартли душманни йўқ қилиш бўйича жанговар машғулотлари, ҳарбий муҳандислик амалиётлари намойиш қилинди.
Ҳарбий учувчи, полковник Бахтиёр Отажонов ўз бошқарувидаги МИГ-29 қирувчи самолётида юртимиз ҳаво ҳужумидан мудофаа салоҳиятини намойиш қилди.
Бу каби тактик машғулотлар ҳарбийларнинг жанговар тайёргарлигини оширишда, уларнинг замонавий ҳарбий техникалардан фойдаланиш кўникмасини шакллантиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Шу ерда шахсий таркиб билан мулоқот бўлди. Президентимиз кейинги йилларда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида мустақиллигимиз, ҳудудий дахлсизлигимизнинг ишончли қалқони бўлган миллий армиямиз йилдан-йилга такомиллашиб, аскар ва офицерларнинг билими, куч-қудрати ва салоҳияти ошиб бораётганини таъкидлади.
– Бу полигон халқаро стандартларга мос бўлиши керак. Аскар ва зобитларни тайёрлаш шунга мувофиқ бўлиши зарур. Бунинг учун сифат, жанговар маҳоратга алоҳида эътибор қаратиш лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари ҳарбийларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.
– Кейинги йилларда байрам арафасида учрашиш анъанага айланди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугунги Қуролли Кучларимиз беш йил олдинги армия эмас. Мудофаа доктринамиз бўйича қилинган ишлар натижасида миллий армиямизнинг салоҳияти ҳар томонлама ошди. Эришган муваффақиятларимиз билан бирга олдимизда кўп режалар, вазифалар турибди. Қўшинларнинг жанговар ҳолатини янада мустаҳкамлашимиз керак. Бунинг учун билим, тажриба, тайёргарлик зарур.
Президент қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.
Матназар Элмуродов,
ЎзА мухбири