Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида ўтказилган “Энг китобхон мактаб” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари, “Китоб маркази” – “Китоб дунёси” тармоқ савдо марказлари хамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ўтказилган мазкур танловда Шўманай тумани Халқ таълими бўлими 1-ўрин соҳиби деб топилиб, “Нексия-3” автомобили, Тўрткўл туманидаги 68-мактаб, Нукус шаҳридаги 37-мактаб жамоалари 2-ўрин билан ҳар бири “Спарк” автомобили билан тақдирланди.

Автомобиллар танлов ғолибларига битта шарт билан бериляпти, сотиб олинган китоблар ўқилиши керак ва шу ғолиб мактаблар 1 йил ичида яхши натижалар қайд қилиши керак.

Масалан, битирувчи ўқувчилари олий ўқув юртларига кириш натижалари юқори бўлиши лозим. Республика ва халқаро танловларда, тадбирларда, олимпиадаларда иштирок этиб, яхши кўрсаткичлар қайд қилиши лозим. Бир йиллик сарҳисобга кўра, агар шу автомобиль ютган мактаблар ёки 1-ўринни қўлга киритган Шўманай халқ таълими бўлимининг натижаси паст бўлиб қоладиган бўлса, автомобиллар қайтариб олинади, – дейди “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси ташкилотчиларидан бири У.Тиллаев.

Танловда, шунингдек, “Энг китобхон ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Энг китобхон мактаб директори”, “Энг фаол ОАВ ходими” сингари бир қатор номинация ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Нукус шаҳрида 37-сонли мактабга 140 ўринга мулжалланган қўшимча бино қуриб берганлиги учун қурилишчи тадбиркор Батир Утемуратов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. У 2019 йилда 650 млн сўмга ўзи ўқиган мактабга қўшимча бино қўриб берган.

“Таълим ҳомийси” кўкрак нишони Қорақалпоғистонда шунинг билан учинчи кишига насиб қилди. Унинг биринчиси айнан Батир Утемуратовнинг отаси Махсет Утемуратов 2006 йилда олган. 2018 йилда эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси собиқ раиси, марҳум Муса Ерниязов тақдирланган.

“Энг китобхон мактаб” лойиҳаси 2020 йил давомида Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилди. Тадбирларида ҳудуддаги 721 мактаб, 350 мингдан ортиқ ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди. Лойиҳа ташкилотчилари энг чекка ҳудудгача бориб, қорақалпоқ ва ўзбек тилларидаги 1500 номдаги 200 мингдан зиёд болалар адабиёти, бадиий асарларни ўқувчиларга етказиб берди.

Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА