Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил қилинган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳузурида математика фанига ихтисослаштирилган мактабга ўқувчилардан ҳужжат қабул қилиш бошланди.

Математика фанига ихтисослаштирилган мактабга бу йилги ўқув йилида математика, физика ва инглиз тили фанлари бўйича умумтаълим мактабларининг 7-, 8- ва 9-синф ўқувчилари қабул қилинади. Ўқувчилар ётоқхона ва тушлик овқат билан таъминланади.

Президентнинг мазкур қарорида белгиланган вазифаларга кўра, мазкур мактаб фаолиятини такомиллаштириш учун илғор хорижий мамлакатлар малакали экспертлари жалб қилинади, мактаб ўқувчиларининг камида битта хорижий тилни пухта ўзлаштириб чиқиши учун дарс машғулотларига юқори малакали педагоглар жалб қилиниши ва зарурий шароитлар яратилиши керак.

Институт проректорлари ўз йўналишлари бўйича мактаб фаолиятига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва назорат қилиш учун масъул ҳисобланади. Шунингдек, институтнинг профессор-ўқитувчилари, шу жумладан раҳбар ходимлари белгиланган тартибда академик мактабнинг дарс машғулотларига жалб қилинади.

Математикага ихтисослаштирилган мактабда умумтаълим фанлар соати ҳисобига чуқурлаштирилган фанлар соати оширилади ҳамда уларнинг улуши камида 50 фоизга етказилади.

Мактабга кириш учун аризалар онлайн топширилади, икки босқичли тизим бўйича ўқишга қабул қилинади. Дастлаб ёзма имтиҳон олинади ва кейин Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади.

Е.Қаноатов, ЎзА