Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг таҳлилий муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси  ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, шаҳар ва туманларга бириктирилган вазирлик ва идоралар, тижорат банклари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алиханов ва бошқа сўзга чиққанларнинг таъкидлаганидек, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Орол денгизининг қуриши натижасида минтақада юзага келган ижтимоий-иқтисодий, ҳам экологик муаммоларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020 – 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу йўналишдаги муҳим тарихий қадам саналади.

Ушбу қарор билан тасдиқланган дастур ижроси устидан Парламент назоратини ташкил этиш мақсадида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Сенат аъзолари билан ҳамкорликда бевосита жойларда мунтазам таҳлилий ўрганишлар ўтказилмоқда.  Ўрганишлар жараёнида назорат тадбирлари амалга оширилиб қолмасдан,  фаоллар ва тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Асосий эътибор қарор ижросини таъминлаш, ушбу қарор билан тасдиқланган дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларининг ўз муддатларида ва сифатли бажарилишини назорат қилишга қаратилмоқда.

Амалга оширилган ишлар билан қатор йўл қўйилаётган камчиликлар, жумладан, ўтган йили ишга туширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг кечиктирилганлиги, банк томонидан кредит маблағлари ажратилмаганлиги, лойиҳалар муддатини узайтириш сабаблари танқид қилинди.

Айрим истиқболсиз деб топилганларининг ўрнига таклиф этилаётган лойиҳаларнинг техник ва иқтисодий асослари, чуқур таҳлили (ташаббускорнинг имкониятлари, молиялаштириш манбаи, инфратузилманинг мавжудлиги ва бошқа) ҳамда уларни белгиланган муддатида ишга тушириш масалалари қайд этилди.  Шу жумладан,  жорий йилнинг I чорагида ишга тушиши белгиланган лойиҳалар ҳолати  юзасидан жойларга бириктирилган вазирлик, идоралар ҳамда банклар маъсулларининг, шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарларининг ҳисоботи тингланди, Бундан ташқари, шароити оғир бўлган 45 та маҳалла ва овулда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг парламент назоратини олиб бориш бўйича фаолияти атрофлича муҳокама этилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан шаҳар ва туманларга бириктирилган вазирлик ва идоралар, тижорат банклари раҳбарларининг  мажбуриятлари белгиланиб, қайд этилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов иштирок этди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА