Бишкек вақти билан соат 12:00 да Қирғизистонда бўлиб ўтаётган сайлов ва референдумда президент учун овоз бериш нисбати 9,28 фоизни, Республика бошқаруви шаклини танлаш борасидаги нисбат 9,23 фоизни ташкил этди. “Кабар” ахборот агентлиги ёзишича, бу ҳақда воқеа муносабати билан бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғи ҚР МСК раиси Нуржан Шайлдабекова маълумот берган. Президент сайловида мамлакат бўйлаб айни вақтгача жами 330 минг 609 сайловчи овоз берган. Бу умумий сайловчиларнинг 9,28 фоизи демак.

Сон жиҳатидан ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланиш бўйича, ҳозирча, энг юқори кўрсаткич Ўш ва Жалолобод вилоятларида кузатилган – мос равишда 66 581 ва 63 152 киши. Кейинги ўринларда пойтахтга қўшни Чуй вилояти ва Бишкек шаҳри бормоқда.

Ҳудуд аҳолисига нисбатан, аниқроғи сайлов ҳуқуқига эга фуқаролар сонига нисбатан энг юқори натижа Ўш шаҳрида қайд этилган – 14,07 фоиз. Бу борадаги фаоллик бўйича Иссиқ кўл вилояти ҳам бошқа минтақалардан адралиб турибди. Фоиз ҳисобида энг паст кўрсаткич Чуй вилоятида.

Референдум қатнашчилари билан боғлиқ статистика ҳам шунга яқин манзара касб этган.

Қирғизистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Жоғорқу Кенеш Торагаси Талант Мамитов ҳам ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда мамлакат президенти ва Республикани бошқариш шакли бўйича ўз танловини билдирди. Бу ҳақда ҚР президенти аппарати ахборот сиёсати бўлимидан маълум қилишган.

Талант Мамитов пойтахт Бишкек шаҳридаги «Белек» маданий-кўнгил очар марказ ҳудудида жойлашган 1053-сайлов участкасида овоз берган.

ҚР ҳукумати хабар қилишича, ҳозиргача Бош вазир вазифасини бажарувчи, ҚР Бош вазирининг биринчи ўринбосари Артем Новиков ҳам сайловда иштирок этди.

А.Новиков пойтахтдаги 122-Мактабгача таълим ташкилоти биносида ташкил этилган сайлов участкасида ўз танловини расмийлаштирди.

ЎзА