Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) ижрочи директори Адам Болер билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали эришилган Ўзбекистон – Америка муносабатлари ривожланишининг юқори ўсиш суръати қайд этилди.

Жаноб Болер 2020 йил июлида Тошкент шаҳрига амалга оширган ташрифи чоғида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» ташаббуси йўлга қўйилишини олқишлади.

1 миллиард доллардан кам бўлмаган ҳажмда маблағ жалб этилишини кўзда тутувчи ушбу ташаббус Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида янги лойиҳалар амалга оширилиши орқали инклюзив, ошкора ва барқарор инвестиция кўлами кенгайишини рағбатлантириш учун восита бўлади.

Музокара давомида энергетика, инфратузилма объектлари, фармацевтика ва кимё саноати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги аниқ лойиҳаларни молиялаштириш масалалари келишилди.

Шунингдек, «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши бўйича минтақавий лойиҳани биргаликда амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Хорижий томон лойиҳанинг Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт-коммуникация алоқаларини мустаҳкамлаш ва минтақа давлатларининг барқарор ривожланишидаги аҳамиятига юқори баҳо берди.

Суҳбат давомида қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш, шунингдек, мазкур халқаро молиявий тузилманинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигини мувофиқлаштириш учун DFCнинг доимий вакилини Тошкент шаҳрига юбориш тўғрисида келишувга эришилди.

Эришилган келишувлар ижросини таъминлаш борасида тизимли ҳамкорликни ташкил этиш мақсадида томонлар келишув ва тасдиқланган лойиҳаларни тезкор равишда амалга ошириш учун қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш қарорини маъқулладилар.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,ЎзА