Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Туркиянинг “Manas Savunma A.Ş” компанияси томонидан киритиладиган хорижий инвестиция билан Хитойнинг “Фотон” маркали автомобиллар ишлаб чиқарадиган автозаводи қурилади.

Ушбу самарадор лойиҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2021 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар манзилли дастури”га киритилган.

Лойиҳа ишлари якунланган ва яқин кунларда тамал тоши қўйиладиган бу корхона, “Манас авто-саноат” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси томонидан “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 7 гектар майдонда барпо этилади.

Умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур лойиҳа, наманганлик тадбиркор Воҳид Ҳамидовнинг 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги сармояси ҳамда “Manas Savunma A.Ş” компаниясининг (раҳбари Корай Алтинэл) 8 миллион долларлик тўғридан тўғри хорижий инвестицияси билан амалга оширилади.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида ишга тушиши режалаштирилган заводда 200 та янги иш ўрни яратилади.

Режага асосан, заводда йиллик 3 минг дона 1 тоннадан 2,5 тоннагача юк кўтариш қувватига эга бўлган кичик юк автомобиллари ва 14-21 ўринли микроавтобуслар ишлаб чиқарилади.

Ишлаб чиқарилган транспорт воситалари ички бозор билан бирга МДҲ давлатлари ҳамда Афғонистонга ҳам эскспортга йўналтирилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА