Жабрланувчига сездирмасдан пластик картасидан 4 миллион 970 минг сўм пулларни яширин равишда ўғирлаган.

Жорий йилнинг 5 январь куни номаълум шахс Фурқат туманида яшовчи Қ.Ч. исмли аёлнинг номига тегишли банк томонидан расмийлаштирилган пластик картасини уяли алоқа аппаратига ўрнатиладиган “Click” тизими орқали бошқариш имкониятини қўлга киритган. Жабрланувчига сездирмасдан пластик картасидан 4 миллион 970 минг сўм пулларни яширин равишда ўғирлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фурқат тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур жиноятни фуқаро Х.Н. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қонунчиликка асосан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин, дейилади Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида.

М.Сулаймонов, ЎзА