ЎзАнинг “Йил танлови”да “2020 йилнинг энг намунали вазирлиги” йўналишида иккинчи ўринни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги эгаллади.

Мамлакатимизда спорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳими, жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор орқали миллат генофонди соғломлашади. Соғлом миллат эса кўп нарсага қодир бўлади.

Карантин даврида халқимизни уй шароитида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга даъват этиш мақсадида қатор челленжлар ўтказилди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда.

Жорий йилда аҳолининг турли қатламларини қамраб оладиган оммавий спорт тадбирларига кенг ўрин берилади. Мақсад аниқ — юртдошларимиз орасида фаол соғлом турмуш тарзи кўникмасини шакллантириш, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш.

Маданият ва санъат соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди, пандемия даврида санъаткорлар телекналларда жонли эфирлар орқали халқимизнинг кўнглини кўтарди.

Ўтган йилда маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилди.

2021 йилда 22 театр ва маданият объектлари янгидан қурилади ва реконструкция қилинади. Давлат-хусусий шериклиги асосида 20 га яқин маданият маркази ва истироҳат боғлари фаолияти йўлга қўйилади.

Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари ташкил этилади.

Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари календарь режалари асосида ўтказиш йўлга қўйилади.

Жорий йилда концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали ишга туширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида кўчма цирклар ҳамда ҳайвонот боғлари, ҳар бир туман ва шаҳарда ўлкашунослик музейлари ташкил этилади.

2021 йилда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш мақсадида соҳага ахборот технологияларни фаол тадбиқ қилиш, рақамлаштириш ишлари изчил давом эттирилади. Оммавий ташриф буюриладиган маданият ва санъат объектларига кириш учун электрон чипта жорий этилади.

Муаттар Бурҳонова, Оқил Ғуломов(сурат), ЎзА