ЎзАнинг “Йил танлови – 2020” тадбирида танловнинг “Энг намунали давлат ташкилоти” йўналишида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси иккинчи ўринни забт этди.

Таълим соҳасида кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида Миллий малака тизими ишлаб чиқилди. Ушбу тизим 9000 га яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради ва бу орқали Ўзбекистон Миллий малака тизимига ўтади.

Миллий малака тизими ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади: миллий квалификация рамкаси, тармоқ квалификация рамкаси, профессионал таълим стандарти, таълим стандарти, таълим дастурлари.

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар, тармоқ квалификацияси, профессионал стандартлар ишлаб чиқилди.

Меҳнат бозорида ўрта бўғин кадрларга бўлган реал эҳтиёжларга мувофиқ қурилиш, енгил саноат, кимё-саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқлар томонидан тармоқ квалификация рамкаси, касблар бўйича профессионал стандартлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнлари давом этмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахассислар билан биргаликда 20 дан ортиқ хорижий давлатлар тажрибаси асосида Ўзбекистонда Миллий квалификация рамкаси ишлаб чиқилди.

Ветеринария соҳаси тубдан ислоҳ қилиниб, мамлакатда ветеринар осойишталикни таъминлаш ҳамда халқимизнинг тобора ўсиб бораётган эҳтиёжи учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш борасида янгидан-янги марралар забт этмоқда.

Ўзбекистонда Давлат қўмитаси кўринишида мустақил фаолият олиб борувчи тузилма сифатида ташкил этилган – таъбир жоиз бўлса яратилган ветеринария хизматининг тизими бутун дунёда намуна сифатида эътироф этилмоқда.

Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиби ҳамда бу бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.

 

Муаттар Бурҳонова, ЎзА