Ватанимиз тарихидаги 8 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни. 

1474 йил (бундан 547 йил олдин) – форс-тожик шоири, нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили, Алишер Навоийнинг дўсти ва устози Абдураҳмон Жомий Макка сафаридан Ҳиротга қайтиб келди. Адабиётшунос олим Шуҳрат Сирожиддиновнинг ёзишича, Жомий неча марта ҳажга боргани манбаларда қайд этилмаган. Аммо мамлакатда энг улуғ обрў ва эътиборга сазовор бўлиб, Хуросоннинг пешвосига айланган давридаги ҳаж сафари тарихда муҳрланган.

Фахриддин Али Сафий бин Хусайн ал-воиз ал-Кошифийнинг “Рашаҳот айн ул-ҳаёт” асарида ана шу тарихий Ҳижоз сафари тафсилотлари берилган. Фахриддин Али “Ҳазрат махдумнинг муборак ҳаж сафарига юзланиши ва ушбу сафарда юз берган воқеалар баёни” номли махсус бўлимда Ҳазратнинг сафарга чиқиш санасини аниқ кўрсатади: “Ул киши 877 йилнинг муборак рабиулаввал ойининг ўрталарида (1473 йил август) муборак ҳаж сафарига отландилар”. Жомийнинг Макка сафаридан қайтиши ва Ҳиротга кириб келиш санаси эса мазкур бобнинг охирида “шаъбон ойининг ўн саккизинчиси” билан белгиланган (1474 йил 8 январ).

1937 йил (бундан 84 йил олдин) – Германияда ўқиб келган собиқ талабалардан бири, Европа андозасидаги биринчи ўзбек кимёгар олими Саттор Жаббор Германиянинг жосуси сифатида қамоққа олинди. Унга қўйилган айблар оз бўлмаган. Шулардан бирида айтилишича, Саттор Жаббор 1931 йилда жосуслик ишларини олиб бориш учун Германиядан СССРга махсус юборилган.

У гўё Ўзбекистонга қайтганидан бери Шўрсув конларидаги олтингугурт ва Олмалиқ конларидаги руда захираларининг миқдори, шунингдек, Чирчиқдаги бир қатор саноат корхоналари, Марғилон ва Намангандаги пиллачилик фабрикаси, Тошкентдаги кислород заводи ҳақидаги махфий маълумотларни воситачилар орқали Германияга етказиб турган.

Академик Наим Каримовнинг қайд этишича, маҳбуснинг бу аҳмоқона айбларни рад этиши осон бўлмади. У 1938 йил 9 октябрда отувга ҳукм қилинди ва ҳукм зудлик билан ижро этилди. Саттор Жаббор қизиллар қатағон машинасининг қурбонига айланди.

1947 йил (бундан 74 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон дунёга келди (вафоти 2020 йил). Унинг “Ўзбекистон аскарлари” қўшиғи миллий армиянинг биринчи саф қўшиғига айланган.

1951 йил (бундан 70 йил олдин) – ёзувчи, журналист Хуршид Дўстмуҳаммад дунёга келди.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси тузилди. Кейинчалик “Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири асосида (2001 йил 29 август) Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига айлантирилди.

1997 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда миллий рақс ва хореография санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2007 йил (бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 7 боб, 88 моддадан иборат.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон экологик партиясининг таъсис қурултойи бўлиб ўтди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади