Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни умумхалқ байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида 30 хонадондан иборат бўлган кўп қаватли турар-жой биноси фойдаланишга топширилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида қурилган янги уйни фойдаланишга топшириш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Нукус гарнизони ҳарбий прокуратураси раҳбарияти, ҳарбий хизматчилар оилалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Ерназар Аташов ва бошқаларнинг таъкидлаганидек давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга ошрилмокда.

Жумладан охирги йилларда ҳарбий соҳага бўлаётган эътибор туфайли ҳарбий қисм ва муассасалар, дала-ўқув майдонлари инфратузилмаси такомиллаштирилмоқда, Юрт ҳимоясидек масъулиятли касб эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий пенсионерларнинг ижтимоий муҳофазасига алохида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Ҳарбий-маъмурий сектори билан ҳамкорликда “Нукус” полигони инфратузилмаси такомиллаштирилиб, фойдаланишга топширилди. Биргина Шимоли-ғарбий ҳарбий округда охирги 3 йилда 400 нафарга яқин ҳарбий хизматчи учун имтиёзли ипотека кредити асосида 8 та уй қурилди. Нукус гарнизонидаги “Ватанпарвар” маҳалласида бунёд этилган 30 хонадондан иборат 5 қаватли 2 ва 3 хонадан иборат бўлган шинам, барча қулайликларга эга янги уй Ватан ҳимоячиларига ўзгача байрам туҳфаси бўлди.

Тадбир давомида янги хонадон эгаларига калитлар тантанали тарзда топширилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА