Мамлакатимиз бўйлаб В.Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг 50 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бугун мазкур муассасада бевосита Президентимиз ташаббуси билан Хирургия марказида қад ростлаган академик Восит Воҳидов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Эрта тонгдан марказда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъуллари, ҳукумат аъзолари, сенатор ва депутатлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тизимга қарашли даволаш-профилактика муассасалари, тиббиёт олий ўқув юртлари вакиллари ҳамда олим, тадқиқотчилар, соҳа фахрийлари жам бўлди.
Маросимни соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худоёров қутлов сўзи билан очди. Академик Восит Воҳидовнинг ўғли Алишер Воҳидов, Россия Фанлар академияси академиги Владимир Порханов ва бошқалар табрик сўзларини изҳор этишди.
Сўзга чиққанлар академикнинг самарали фаолиятини эътироф этиб, юбилей доирасида ҳайкал ўрнатилиши барча хирургларга юқори ишонч рамзи экани, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар шифокорларни руҳлантиришини таъкидлади.
Дастурга мувофиқ, “Воҳидов ўқишлари-2024” XXVIII халқаро илмий-амалий анжуман ҳам ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг Восит Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази жамоасига табригини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
– Сўнгги йилларда фаолиятимиз янги босқичга кўтарилди, – деди марказ директори Сайдимурод Исмоилов. – Дунёнинг етакчи илмий марказлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилиши натижасида тиббий ташҳис ва даволашнинг илғор, самарали усуллари кенг татбиқ этилмоқда.
Тадбирда муассаса ҳамкорлари – АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Канада, Қозоғистон ва Тожикистондан келган меҳмонлар ҳам ҳозир бўлишди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Ўзбекистон Президентининг “Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг 50 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ўнга яқин соҳа фидойиси ва жонкуярига юксак давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
Беҳруз Худойбердиев, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари