ЎзЛиДеП марказий офисида МДҲнинг сайловларни кузатиш миссияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонларни қабул қилган ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Якубов партияга ташриф буюрган МДҲ Бош котиби ўринбосари Д.Трефилов, МДҲ Ижроия қўмитаси Миссия штаби раҳбари Е.В.Козяк, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши бош котиби маслаҳатчиси С.Караваев ва МДҲ ПА иштирокчи давлатларда демократиянинг ривожланиши, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти экперти С.Ткаченколарга партиянинг сайловлардаги иштироки билан боғлиқ жараёнлар хусусида гапириб берди.

Қайд этилганидек, шу йилнинг 22 сентябридан бошланган сайловолди ташвиқоти босқичида партия фаоллари ва номзодлар томонидан аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишлари қизғин амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда барча партияларга тенг шароитлар яратилган.

Бу йил илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилаётган сайловлар хусусиятларидан келиб чиқиб, партиянинг уларда иштироки билан боғлиқ фаолиятидаги ўзгаришлар меҳмонларда қизиқиш уйғотди.

Ўз навбатида, миссия вакиллари ушбу миссиянинг асосий мақсадларига тўхталиб ўтди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.

М.Комилова, ЎзА