Таълим-тарбия эгизак, уларни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди асло. Мактабда синф раҳбарларининг тарбиявий соатлари ўрни ниҳоятда муҳим.
Ўз навбатида у ўқитувчидан катта маҳоратни талаб қилади. Мурғак болаларга фан асослари билан бир қаторда, тарбия ҳам бериш лозим. Ҳозир ёш педагогларда тажриба етишмайди, катта педагогларнинг тажрибаси ўзи билан қолиб кетмоқда.
Биз миллий тарбия методикамизни ҳаётга қайтаришимиз даркор. Тарбия қанчалик ҳаётий бўлса ва мисоллар билан бола қалбига етказилса, бир умрга ёдидан чиқмайди. Тарбияда барча авлод вакилларининг фикри ва тажрибаси инобатга олиниши мақсадга мувофиқ. Агар иш фақат ёшлар қўлига топширилса – «комедия», фақат қарияларга топширилса – «трагедия», агар шу иш ҳамоҳанг бажарилса – «ансанбль» бўлади, деган экан донишмандлардан бири.
ТАЖРИБА…
Бир кекса домла бўш кўзани олди ва болалардан бирига уни оғзигача тошчалар билан тўлдиришни буюрди . Шогирдларига савол берди: – Айтинглар-чи, менинг кўзачам тўлдими?
Унга жавоб беришди: – Ҳа тўлди.
Шунда домла синф олдида нўхат тўла банкани олди ва ичидагини кўзага тўкиб бўшатди. Нўхат тош ораларидаги бўш жойларни эгаллади. Домла иккинчи саволни берди: – Энди кўзача тўлдими?
Ўқувчилар яна тасдиқлашди. Энди донишманд муаллим қумли қутичани олди ва уни ҳам кўзачага солди. Қум нўхат ва тошлар орасидан сизиб ўтди, бутун бўш жойни эгаллади. Домла яна бир марта шогирдларидан кўзача тўлдими, йўқми, деб сўради. Шогирдлар «ҳа», дейишди ва кулишди.
Донишманд муаллим айтди: – Мен сизларга тушунтиришни хоҳлар эдим, кўза, бу – сизларнинг ҳаётингиз, тошлар – ҳаётнинг энг асосийлари – болалар, дўстлар, саломатлик. Нўхат – ёқимли, лекин унча ҳам муҳим бўлмаган жиҳатлари – уй-жой, иш, машина, қимматбаҳо буюмлар ва ҳоказо. Қумлар эса ҳар бир инсон ҳаётини тўлдириши мумкин бўлган майда-чуйдалар. Агар кўза аввал қум билан тўлдирилса, тошлар у ёқда турсин, нўхатга ҳам жой қолмасди.
Умр ҳам худди шундай, агар арзимайдиган нарсаларга сарфланса, энг асосийсига вақт қолмайди, деб болаларига ўқтирди.
АЖОЙИБ МИСОЛ…
Кунларнинг бирида математика фани устози доскага катта 1 рақамини ёзди ва деди: «Бу сизнинг тарбиянгиз, одамийлигингиз. Ҳаётда энг муҳим хислатлар шулар бўлади”.
1 рақамидан кейин 0 ёзди ва деди: «Бу эса сиз эришган ютуқлар, тарбия билан сизни ўн каррага юксалтиради”. Яна 0, бу – тажриба, қаранг, инсон “100″га тенг бўлди. Шундай қилиб 0 ларни ёзаверди – таълим, муҳаббат, омад… Ҳар битта қўшилган 0 одамни ҳар сафар 10 баробар юксалтираверди. Сўнгра устоз қатор бошида турган 1 рақамини ўчирди. Доскада кераксиз, маъноси йўқолган 0 лар қолди… Устоз деди: «Кўрдингизми, агар тарбиянгиз ва одамийлигингиз бўлмаса, қолган хислатларингиз сариқ чақага ҳам тенг эмас.
Дарҳақиқат, тарбия бизнинг ичимиздаги шундай мисолларда. Уни ташқаридан излаш шарт эмас. Румий ҳазратлари айтадиларки, ичингдаги ичингдадур деб. Бизнинг ичимизда улкан уммон бор, халқда бу каби тарбияга ундовчи мисоллар бисёр, афсуски, улар кейинги пайтларда қўлланилмай қўйилди. Буларни болаларга мактабда ва оилада айтиш керак.
Кўпчилик ёшларни тарбиясидан нолиб юришади. Ёшлардан ранжиманг. Кимдир ёшларни ранжитса, демак, унинг ишлари ва кайфияти жойида эмас, балки аламзададир. Уларни тушунишга ҳаракат қилинг. Юқоридаги жонли мисоллар билан тушунтиринг, тарбияланг. Қарғаб, сўкиб ётманг. Чунки булар сизга қайтувчи хусусиятга эга.
Олам, бу бизнинг кўзгумиз. Унинг рангин бўлишини истасак, демак, ўзимиз уни шундай кўришимиз керак. Муҳаббат билан боқсангиз, ҳамма сизга муҳаббатли, ғазаб билан қарасангиз, ҳамма сизга душман. Ёшларга нисбатан кўзгуни ўзгартиринг, яъни қалбингизга ёруғликни киргизинг.
Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу миллат мактабининг салоҳияти ва бола улғаяётганда оиласининг тарбиясига таянади. Қаерда мактаб ва оила таълим ва тарбияси кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли бўлади.
Бахтиёр КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси