Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.
Комиссия аъзолари ҳамда ходимлари иштирок этган мажлис кун тартибидан ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Миссиясининг Ўзбекистонда 2019 йил 22 декабрда ўтказилган сайловларни кузатиш юзасидан тавсиялари, МСКнинг 2020 йилнинг иккинчи ярмидаги фаолияти натижалари ва 2021 йилнинг биринчи ярми учун иш режасига оид ҳамда Комиссия фаолиятини янада такомиллаштиришга доир айрим низомлар лойиҳаларини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар жой олди.
Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бошқарган мажлисда пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан Марказий сайлов комиссияси ўтган йилги фаолиятини самарали давом эттиргани таъкидланди.
Жорий йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – президент сайловлари ўтказилади. Шу боис бўлажак сайловларни миллий қонунчилик ва умумъэтироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этишга ҳозирдан алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда, ўтган сайловларда орттирилган миллий тажриба ҳамда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш ишлари муҳим ўрин тутади.
ЕХҲТ Бюросининг “Янги Ўзбекистон – Янги сайловлар” шиори остида ўтган парламент сайловларини кузатган тўлақонли миссиясининг Якуний ҳисоботида мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги бир қатор ижобий ўзгаришлар эътироф этилган. Жумладан, сайловлар такомиллашган қонунчилик асосида ўтказилгани ва мустақил, очиқ фикрларга нисбатан эркин қараш муҳитининг ошгани алоҳида таъкидланган. Бу борадаги ишларни собитқадамлик билан давом эттириш бўйича тавсиялар берилган.
МСК қарори билан якуний ҳисоботда билдирилган тавсияларни атрофлича ўрганиш ва мақбулларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ҳамда тегишли вазифалар белгилаб олинди.
МСК котибияти ва Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ матбуот хизмати Марказий сайлов комиссияси раисига бевосита бўйсунадиган алоҳида мустақил бўлим сифатида фаолият юритади. МСК томонидан ташкил этиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш, комиссия фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашда матбуот хизмати котибият билан яқиндан ҳамкорликни амалга оширади.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ахборотномаси – Вестник Центральной избирательной комиссии Республики Узбекистан” журнали тўғрисидаги низом ҳамда унинг таҳрир ҳайъати таркиби тасдиқланди.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг идоравий архивига оид, ҳужжатларнинг қийматини аниқлаш ва уларни доимий сақловга топшириш бўйича эксперт комиссиясига доир низомлар ҳам тасдиқланди.
Мажлисда МСКнинг 2020 йилнинг иккинчи ярмидаги фаолияти натижалари батафсил таҳлил этилиб, 2021 йилнинг биринчи ярми учун иш режаси тасдиқланди.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА