Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, шу жумладан таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим сифатини тубдан яхшилаш мақсадида, ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмалар илғор халқаро мезонларга мослаштирилиб, бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади.
Келгуси йили 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилиши соҳага бўлган эътиборнинг ҳақиқий намунаси бўлди. Бугунги кунда таълим соҳасидаги асосий муаммоларнинг бири олис ҳудудларда мутахассисларнинг етишмаслиги ҳам Мурожаатномада ўз аксини топди. Бунда бир тумандан иккинчи туманга бориб ишлаган ўқитувчиларга 50 фоиз, бир вилоятдан иккинчи вилоятга бориб ишлаганларга 100 фоиз устама ҳақи тўланиши ушбу муаммонинг ечимига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари «Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим»- деб соҳа фидойиларининг меҳнатига юксак баҳо берди. Ёшларга сифатли таълим бериш, уларга замонавий касб-ҳунар ўргатишда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш йўлга қуйилади, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқилади. Ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши учун давлат томонидан барча шароитларнинг яратиб берилиши, устозларда янада куч-ғайрат билан ишлаш ҳиссини кучайтирди.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”. Шунинг учун, ёш авлодга замонавий сифатли таълим-тарбия бериш, уларни Ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини кўшадиган, миллий кадриятларимизни кўз қорачиғидек асрайдиган ёшларни камолга келтириш бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.
2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб номланиши, ёшлар ҳамда аҳоли саломатлиги ҳамиша давлатимиз эътиборида эканлигидан дарак беради. Чунки мамлакатимизнинг дунёда ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашида бугунги ёшларимиздан умидимиз катта.
Замира АЛЛАНИЯЗОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани 1-умумтаълим
мактаби директори, Ўзбекистон Халк таълими аълочиси