Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Фарғона вилояти ёшлари ўртасида “Вилоятдаги тенгдошим” номли учрашув бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказилган учрашувда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов ҳамда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари иштирок этди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.
Таъкидлаш жоизки, юртимиздаги ҳар бир оила, ҳар бир ота-она ўз фарзандлари қиёфасида, униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида билимли, иймон-иродали, мардлик ва фидойилик фазилатларини намоён этишга қодир бўлган баркамол инсонларни кўради, уларнинг бахтли-саодатли бўлишини орзу қилади. Шу боис охирги йиллари юртимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол, маънавиятли, маърифатли бўлиб вояга етиши учун катта эътибор берилмоқда.
Ҳарбий округлар қўшинлари қўмондонлари тадбирда иштирок этган ёшларни қутлашди.
Хусусан, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ёшлар билан суҳбати давомида ўсиб келаётган ёш авлод эгаларига миллий армиямиз яратилиш тарихи ва истиқболлари, юртимиз ҳимоячилари томонидан қўлга киритилаётган улкан ютуқ ва марралар, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларига белгиланган имтиёзлар ҳақида сўзлаб берди.
–Азиз ёшлар, бугунги тинчлик замонида сизларга берилаётган эътибор ва имкониятлардан фойдаланиб, ўз билимингизни мустаҳкамлаб борсангиз, қайси соҳа эгаси бўлишингиздан қатъи назар, жонажон юртимизнинг келажагига муносиб ҳисса қўшадиган шахс бўлсангиз, биз ҳарбийлар асосий мақсадимизга эришган бўламиз, – деди полковник Фарҳоджон Шерматов.
Юртимизнинг эртанги куни, тинчлиги ёшларнинг қандай инсон бўлиб камол топишига боғлиқ. Демакки, ҳар биримизнинг вазифамиз – ёшлар ўз салоҳиятини ва ватанпарварлигини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат дея таъкидлаб ўтди қўмондон ўз нутқида.
Тадбир давомида қорақалпоғистонлик ёшлар фарғоналик тенгдошлари билан онлайн мулоқот қилиб, бир-бирларини меҳмонга чорлашди.
Бадиий кечага уланган учрашувда куй ва наволар янграб, шеъру рубоийлар тингланди. Фаол ёшлар қўмондонлар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Тадбирдан сўнг ёшлар учун Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирига экскурсия ташкил этилди. Қудратли ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари ёшларда катта таассурот қолдирди.