Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси давом этмоқда.
Мажлисда сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида ўндан ортиқ Президент фармон ва қарорлари ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давомидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.
Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Қонунга асосан суд тизимида вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланмоқда.
Маъмурий тартиб-тамойиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.
Шуларга асосан, суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши суд тизимини бошқариш масалаларининг такомиллаштирилиши, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга эришиш билан бир қаторда, энг аввало, фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосини бир жойда ҳал қилиниши имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА