Сут тишлари қачон чиқади ва болалар тишларининг мустаҳкамлигини сақлаш талаб-қоидалари нималардан иборат?

Тиббиёт фанлари доктори Абдуазим Йўлдошев шу каби мавзуга оид саволларга жавоб берди?

– Сут тиши чиқишининг кечикиши касаллик аломатими?

– Одатда, сут тишлари гўдакнинг беш-олти ойлигидан бошлаб чиқади. Сут тишлар бола 11-12 ёшга етганида доимийсига алмашади. Гўдаклар учун мўлжалланган сутли бўтқалар, турли аралашмалар сут тишлари чиқишини секинлаштириши мумкин. Яъни, сут тиши олти ойдан ўтиб ёриб чиқа бошлайди ва бу касаллик эмас. Бундай ҳолатга калий етишмовчилиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу боис педиатр маслаҳатини олиш тавсия этилади.

– Нима сабабдан тиш юзаси қорайиб қолади? Уни кетказиш мумкинми?

– Тиш карашлари ҳисобига тиш олди юзаси ва милк атрофида қорайиш пайдо бўлади. Аммо бу ҳолат кариес билан боғлиқ эмас. Келиб чиқиш сабаби эса тишларни нотўғри парвариш қилишдир. Тиш карашлари махсус тиббий асбоб-анжомлар ёрдамида тозаланади.

– Болалар тишини яхши парваришлаш учун қандай тиш пастаси ва чўткасини тавсия қилинади?

– Болалар учун мўлжалланган тиш пасталари катталар фойдаланиши учун ишлаб чиқарилганидан тубдан фарқ қилади. Болалар тиш чўткалари юмшоқ ва калта ўлчамли бўлиб, қўлланилганида тиш юзасида ва оралиғидаги овқат қолдиқларини тўлиқ олиб чиқиб кета олиши керак. Одатда, болалар тиш пастасига мева таъми қўшилади. Тишларни тозалаш маҳали бола оғизда аччиқликни сезмаса, тиш тозалашдан қочмайди. Аксинча, катталар тиш пастасидан фойдалангудек бўлса, тишларни тозалаш унга ёқмаслиги мумкин.

– Болажонларнинг тишлари соғлом бўлиши учун тавсияларингиз…

– Аввало, оғиз бўшлиғида гигиена қоидаларига риоя этилиши муҳим. Бола тишларини бир кунда икки маҳал тозалашга одатланиши керак. Таомлангандан сўнг овқат қолдиқлари тиш орасида қолиб кетмаслиги учун махсус эритмалар ёрдамида оғизни чайқаш тавсия этилади. Ота-оналарга ана шу ҳолатга эътиборли бўлишларини маслаҳат бераман. Бола ҳар сафар овқатланганидан кейин оғизни чайишга одатланса, тишлари касалланмайди.

 

ЎзА