Республика товар-хом ашё биржасидан маълум қилишларича, декабрь ойида очиқ биржа савдолари орқали 2,8 триллион сўмлик товар ресурслари сотилди. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 33 фоизга кўпдир. Сотувчи ва харидорлар шаффоф биржа савдоларида эркин иштирок этмоқда.

1-18 декабрь оралиғида биржа савдолари орқали 100,3 минг тонна техник пахта чигити ва 7,1 минг тонна пахта ёғи сотилди. Ўтказилган савдолар натижасида пахта ёғининг ўртача нархи жорий йилнинг ноябрь ойига нисбатан 3,7 фоизга пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 12 578,6 минг сўмни ташкил қилди.

Декабрь ойида биржа савдоларига 315,3 минг тонна цемент маҳсулотлари қўйилган бўлиб, бу жорий йилнинг ноябрь ойига нисбатан қарийиб икки маротабага камдир. Шу билан бирга, цементнинг ўртача бошланғич нархи сотувчи корхоналар  ўртача 455,1 минг сўмдан 472,8 минг сўмга, яъни 4 фоизга кўтарилди. Натижада цементнинг декабрь ойидаги ўртача нархи жорий йилнинг ноябрига нисбатан 6 фоизга ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 559,5 минг сўмни ташкил қилди.

Худди шундай АИ-80 русумли автомобиль бензини сотувчиларининг бошланғич баҳоси ҳам ноябрь ойига нисбатан 8,5% га кўтарилиб, ўртача 5 691 минг сўмни ташкил қилди. Ўз навбатида бензиннинг биржадаги нархи мос тарзда 8% га ўсди ва маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 731,7 минг сўмни ташкил этди. (бензиннинг бир тоннаси ўртача – 1293-1370 литр).

Шунингдек, декабрь ойида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида олтиннинг сотуви бўйича максимал кўрсаткич қайд этилди. Хусусан, биржа савдолари орқали 75 кг олтин сотилиб, қимматбаҳо металлнинг бир грамми ўртача 615,9 минг сўмни ташкил қилди.