Ҳар бир ўтаётган йил — улғайиш, ҳар бир чиқарилган хулоса — ютуқдир. Зеро, йиллар ёзилган тарих, йиллар — ёзилажак келажакдир.
Президент мурожаатномаси охирги йилларда мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа сифатида нафақат, мамлакатимизда балки, жаҳон миқёсида ҳам барчанинг диққат марказида бўлиб келмоқда. Чунки, Президент мурожаати — давлат раҳбарининг халқ билан мулоқоти, халқ билан маслаҳати, халқ дарду, қувончининг овозига айланмоқда.
Давлат ким? Халқ ким? Жамият ким? Бу саволларнинг барчасининг жавоби битта — БИЗ. Ҳа, Президент мурожаатини эшитар эканмиз, унда эришилган ютуқ, қилинган хато, тузиладиган режа, юксак марранинг ҳам эгаси БИЗ эканимизни англаймиз.
Пандемия, коронавирус, иқтисодиёт — катта кураш бўлди, бу синов давом ҳам этмоқда. Курашда йўқотганларимизни ортга қайтаришда ожиз бўлдик, бироқ букилмас ирода, бағрикенглик ва матонатда янада кучли бўлганимиз рост эмасми?!
Президент: «Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз.”, деди. Шу сўзлар кимгадир касаллик билан қаттиқ курашган ота-онасини, ўзини даволаган шифокорларни, кимгадир Бухоро ва Сардоба воқеаларида халқнинг бирлигини, саховатини, яна кимгадир ён қўшниси қийналиб қолганда эшигини тақиллатган «саховат ва меҳр» овозини ва санайлик десак жуда кўп бўлган бирлаштирувчи кучларни ёдга солган бўлса ажаб эмас.
Синов сўраб келмаслиги ва курашмай кетмаслиги рост. Мурожаатномадаги фактлар ҳам бунинг яққол далилидир. Ҳа, бу кутилмаган «душман»қаршисида биз курашчига айландик, лекин ожиз тараф бўлганимиз йўқ. Нафақат, касалликка қарши, балки пандемия сабаб келиб чиққан моддий қийинчилик, тадбиркорликка етадиган зарар ҳақида ҳам қайғурилди, ечим топилди. Оғир дамда ўзга юртдаги жигарларимиз, ёнимиздаги қўшнимизни ҳам асло унутмадик. Давлат ва халқ бирлиги — қудратли куч эканини билганларга, билмаганларга кўрсатдик, ўргатдик.
Шу сабаб бўлса керак, Мурожаатномада янграганидек, «Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро рейтинг агентликлари таҳлилларига кўра, бу йилги синовларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди.”
«Ўзбекистон «Очиқ маълумотларни кузатиш» халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. Бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани муҳим аҳамият касб этди.
«Иқтисодий эркинлик» рейтингида ҳам мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди» .
Янги Ўзбекистон — бирлаштирувчи ғоя!
Биз сўнги пайтда Янги Ўзбекистон, деяпмиз. Нимага? Ўзбекистоннинг мустақиллигига 30 йил бўлди. Туғилган фарзанд 30 га кирди. Унинг энди ўз уйи, ўз иши, эришганлари ва янги мақсадлари бор. Шулар билан у ЯНГИ ҲАЁТ, ЯНГИ ОЛАМ яратади.
Янги Ўзбекистоннинг қиёфасини, бугуни ва эртасининг бунёдкорлари — ўқитувчи, блогер, ишчи, фаррош, механик, олим…ким бўлиб ишламайлик, қандай ёшда бўлмайлик ҲАР БИРИМИЗмиз.
Айниқса, бу борада ёшларимиз олдида катта марралар тургани, ёшлар «халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли куч» экани ҳам Юртбошимиз томонидан эътироф этилди. Келаётган йил ҳам шу ишонч, эътироф ва умидларга мос тарзда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», дея номлаш таклиф этилди.
Кейинги йил учун режалар айтиларкан, «кейинги йилдан бошлаб, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши», «олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириш ва 2 мингтага етказиш» ҳақида айтиб ўтилди.Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилиши ишончнинг амалий ифодасидир.
КУРАШДА ЭНГ ЎТКИР «ҚУРОЛИМИЗ»!
Ҳар қандай қийинчилик, синов, курашда энг ўткир «қуролимиз» — маънавиятимиз, тарбиямиздир. Бу оталаримиз сўзи, амали, ҳаётида ўз исботини қайта-қайта топиб келмоқда. Бу йил ўзимиз ҳам бевосита буни теран ҳис қилдик.
Мурожаатномада аҳамият берадиган бўлсак, ҳар бир ислоҳот замирида аввало инсонийликнинг энг олий қадриятларини унутмаслик, аждодларга мос авлод бўлишга даъватни кўриш мумкин.
Келаётган йилда 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилиши, шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан, янги ташкил этиладиган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилиши бунинг яққол исботидир.
Шу сабабли Янги Ўзбекистон остонаси фарзандлар таълим-тарбиясидан бошланишига алоҳида урғу берилди. Зеро, бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган «Миллий ўқув дастури» жорий этилиши, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилиши таъкидлаб ўтилди.
Энг муҳими, таълим-тарбия берувчи ўқитувчиларга бўлган эътибор кучайтирилиши энг муҳим мақсадимиз сифатида айтиб ўтилди. Жумладан, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланиши таъкидлаб ўтилди.
Яна эътиборли тарафи, муаллимлар эскича усулда ҳар 5 йилда малака оширарди, бундан буён уларнинг, «ҳаёт давомида ўқиш» тамойили асосида, ўз малакасини узлуксиз ошириб бориши йўлга қўйилиши айтиб ўтилди. Ҳақиқатан ҳам, тарбияловчи ҳар дақиқа, ҳар соатда ўз устида ишлаб бориши шартлигини боболаримиз ҳам бежиз таъкидламаган. Зеро, донишманд олдига боласига дакки бериб қўйишини илтимос қилиб келган ота-онага, эртага келишини айтган доно устозни эслайлик. «Нега, кеча шу насиҳатларни айтмадингиз» дея сўраганида ўзим ҳам ўша пайтда ўз сўзимга амал қилмаётгандим, дея жавоб бериши бежиз эмас.
Президент қайта ва қайта жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозимлигини таъкидламоқда. Зеро, устозни ардоқлаган, уларнинг илм зиёсидан баҳраманд ёшлар эртага маънавияти юксак, ватанпарвар бўлиб улғаяди.
КЕЛАЖАКДА КИМ БЎЛАСАН?
Ёшлигимиздан бизга «келажакда ким бўласан?” дея савол бериб келишган. Биз эрта учун мақсад қўямиз, режа тузамиз, эрта учун ҳаракат қиламиз.
Келажагимизга ишончимиз эртамизнинг кафолатига айланиши ҳам бежиз эмас. Айтиб ўтганимиздек, аввало Президент мурожаати — сиёсий воқелик, шу билан бирга халқ билан мулоқот, халқнинг дарду қувончи овози ҳамлиги ўтган йиллар давомида ўз исботини топиб келмоқда.
Зеро, Президент ҳам «Ўйлайманки, бугунги Мурожаатномада ўртага қўйилган устувор вазифалар бўйича парламентимиз, сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, кўпни кўрган донишманд нуронийларимиз, ташаббускор ёшларимиз – кенг жамоатчилик ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради» дея мурожаат қилиши ҳам ҳар биримизнинг сўзимиз, овозимиз ҳал қилувчи кучлигини яна бир бор таъкиди бўлди.
Мен мурожаатнома келаётган йилда белгиланган режалар, имтиёзлардан самарали фойдаланиб, ўз келажагимни янада мустаҳкам қурмоқчиман. Ўйлайманки, барчамизнинг янги йилдаги энг эзгу ниятларимиз, улкан мақсадларимиз бирлашиб, ўз қўлимиз билан яратадиган учинчи ренессанс учун пойдевор бўлади.
Ситора Барлибоева,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази мутахассиси