Ўзбекистонда олий таълим муассасалари 2021 йил 1 январдан ҳафталик ўқиш кунларини мустақил белгилайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги «Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан:
– ОТМ ҳузуридаги техникумларда ўқув машғулотларини олиб бораётган профессор-ўитувчиларнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш ОТМ талабаларига дарс ўтганлиги учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларида амалга оширилади;
– таълим жараёнини ташкил этишда ҳафталик ўқув кунлари ОТМ томонидан мустақил белгиланади;
– ОТМда ташкил этиладиган якуний давлат аттестацияси комиссияси раислари тегишли ОТМ ректори(филиал директори) буйруғи билан тасдиқланади.
Шунингдек, қарорда белгиланишича, 2020/2021 ўқув йилидан республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказилади.
Олий таълим муассасаси кенгаши қарори асосида профессор-ўқитувчилар ОТМда 3 йил ишлаб беришни назарда тутувчи шартномани расмийлаштирган ҳолда нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий муассасаларда стажировка ўташи ва малака ошириши, 5 йил ишлаб беришни назарда тутувчи шартномани расмийлаштирган ҳолда эса нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий муассасаларнинг докторантура дастурларида ўқиши мумкин.