Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида бутун дунёда экологик вазият тобора ёмонлашиб бораётгани барчани жиддий ташвишга солаётгани ҳамда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган фожиа таъсирини юмшатишга қаратилган ҳаракатлар қатъий давом эттирилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда Орол денгизи фожиаси энг йирик глобал экологик фалокатлардан биридир. Ушбу ҳодисанинг экологик, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибати минтақа ҳудуди, соғлиқни сақлаш тизими, генофонд ва одамлар келажаги барқарор ривожланишига бевосита таҳдид солмоқда, глобал экотизимга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Оролда сув сатҳи ўтган аср аввалида пасая бошланган. Масалан, 1911-1960 йиллар давомида денгизга дарёлардан ёғин билан бирга бир йилда ўртача 65 куб/км сув тушиб турган; юзадан эса 66,10 куб/км сув буғланган. Шу тариқа денгиз ҳар йили 1 куб/км, 50 йил давомида эса 50 куб/км сувни йўқотган. Айниқса, ўтган аср 60-йилларидан бошлаб суғориладиган экин майдони кенгайиши, Амударё ва Сирдарё суви суғоришга ишлатилиши туфайли сув сатҳи кескин пасая бошлаган. 40 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Орол денгизи майдони деярли 4 марта, сув сатҳи 1,8 марта, кўлдаги сув ҳажми 9 марта камайди.
Экологик фожиа Оролбўйи ҳавзасида яшовчи кўп миллионли аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатди. Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, бу экологик таназзул бир-бирига узвий боғлиқ, халқаро аҳамият касб этувчи ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг яхлит ва мураккаб мажмуасини вужудга келтирди. Натижада бутун авлод кўз ўнгида бир пайтлар очиқ сув ҳавзалари ичида катталиги жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда турган Орол, қарийб, ўлик денгизга айланди. Қуриб қолган денгиз тубида 5 миллион гектардан зиёд экологик фожиа ўчоғидан иборат янги Оролқум чўли пайдо бўлди ва туташ ҳудудларга туз-қумли бўрон тарқатувчи хавфли макон юзага келди. Бу ердан ҳавога кўтарилаётган чангли бўроннинг таъсир доираси 500 километрдан ҳам ошаётгани Орол фожиаси жуда кенг қамровли эканидан далолат. Ҳар йили Орол¬қумдан атмосферага 100 миллион тоннагача чанг кўтарилаётир. Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб бу ердаги чанг бўрони давомийлиги йилига 90 кундан ҳам ортиқ ортиқ экани мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда.
Минтақада чўлланиш жараёни тезлашиши ўсимлик ва ҳайвонот дунёси хилма-хиллигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Орол бўйидаги санитар ва экологик вазият тобора мураккаблашиб бораётир. Юқумли ва бошқа касалликларга чалиниш кўпаймоқда.
Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан Орол бўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилди. Сўнгги уч йил ичида Орол бўйи худудида ўрмонзор барпо этиш мақсадида икки миллион гектарга яқин ер майдонига сувсизликка чидамли дарахт экилди ва бу жараён давом эттирилмоқда.
Ҳозирги кунда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар атроф-муҳит холатини яхшилаш, табиий ресурслар деградациясининг олдини олиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси кўпайиши ва тарқалиши учун қулай экотизим шаклланишини таъминлайди. Чўл ўрмони майдони ва биологик хилма-хиллик кенгайиши минтақада иқлим ўзгариши юмшашига имкон беради.
Давлатимиз рахбарининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда тузилган Орол бўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларни янада кучайтириб, Орол фожиасини бартараф қилишга, халқимиз саломатлиги тубдан яхшиланишига, пировардида она табиатни келажак авлод учун бутунлигича асраб қолишга ҳаракат қилишимиз зарур.
Рустам Кенжаев,
Тошкент давлат юридик университети
“Экология ҳуқуқи” кафедраси доценти