2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси, 3-қисми “а,б,г” бандида кўрсатилган жиноятга қўл уриб, жиноий жавобгарликдан қочиб юрган термизлик Х.Шокиров 17 декабрь куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан мамлакатимизга олиб келинган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот гуруҳи раҳбари Фарҳод Тошбоев маълум қилган.

Июль ойида Денов туманидаги Онадиёр кўчасидаги 25-уйда, сентябрда Огаҳий кўчаси, 20-уйда содир бўлган ўғриликларнинг изи топилмаган. Кўрилган чоралар натижасида бу жиноятларни Ангор туманида яшовчи Ж.П. содир этгани аниқланиб, ундан ашёвий далиллар олинган.

2016 йил июнь ойида Олтинсой туманидаги Хўжасоат деҳқон ва буюм бозорида Катта-Вахшивор маҳалласида истиқомат қилувчи С.Жўраева сумкасидан 400 доллар, 65 минг сўм пули ҳамда отаси О.Жўраев ва онаси С.Қаҳҳароваларга тегишли фуқаролик паспортини ўғрилатиб қўйганини маълум қилган эди. Мазкур жиноятни содир этган Сариосиё тумани Афросиёб маҳалласида яшовчи 25 ёшдаги С.Х. ашёвий далил билан яқинда қўлга олинган.

Фарҳод Тошбоевнинг таъкидлашича, Сурхондарёда қасддан баданга ўртача оғир тан жароҳати етказиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 тага, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш биттага, қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш 75 тага, қасддан одам ўлдириш тўрттага, ўғирлик жинояти 108 тага камайган.

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА