Нукус гарнизонида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Соғ танда – соғлом ақл” шиори остида 5000 қадам соғломлаштириш тадбирида ҳарбий хизматчилар билан уларнинг оила аъзолари ҳам иштирок этди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Нукус шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида ўтказилган тадбир давомида иштирокчилар гарнизон ҳарбий оркестрининг шўх-шодон наволари остида бирдамликда масофани пиёда босиб ўтишди.
Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат байроқлари ҳамда Мудофаа вазирлигининг байроғи иштирокчиларга ҳамроҳ бўлди.
Соғломлаштириш акцияси чор-атрофдагиларнинг ҳам диққат-эътиборини тортди. Баъзи кўнгиллилар иштирокчилар сафига қўшилган бўлса, баъзилари телефон камерасига тасвирга олиб, уни интернет тармоғи орқали дўстларига улашди.
Финиш чизиғида иштирокчиларни кутилмаган совға кутиб турди. Қайноқ қўшиқлар садоси остида спорт гимнастикаси ҳеч кимни беэътибор қолдирмади. Баданни қиздирувчи ва наволар ритмига мос бўлган ҳаракатлар барчада қизиқиш уйғотди.
Кўплаб иштирокчиларнинг талабига мувофиқ, эндиликда ҳар ҳафта ана шундай соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи акциялар ўтказилишига келишилди.
Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кўмагида ўтказилди.
ЎзА