Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлиси бўлиб ўтади.
Саммит кун тартибидан МДҲ доирасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг барча йўналишларида, шунингдек, янги хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш соҳасида кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболларини баҳолаш масалалари ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ҳамдўстликнинг узоқ муддатли вазифалари борасида Ўзбекистон Республикаси нуқтаи назарини тақдим этиши ва амалий шерикликни кенгайтиришга доир аниқ таклифларни илгари суриши кутилмоқда.
Мажлисда делегациялар раҳбарлари МДҲни 2030 йилгача бўлган муддатда янада ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ва уни амалга ошириш режасини кўриб чиқадилар. Ушбу ҳужжатларда ҳамкорликнинг яқин ва ўрта муддатли истиқболдаги стратегик мақсадлари ва асосий тадбирлари белгиланган.
Учрашув якунида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига асос солинганининг 75 йиллиги муносабати билан ҳамда халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотлар, шунингдек, Ҳамдўстлик фаолиятининг турли жиҳатларига доир, шу жумладан, 2021 йилда Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ўтказиш жойи тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилда Ўзбекистон МДҲга раислик қилишдек масъулиятли вазифани илк бор ўз зиммасига олган эди.
Пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитларга қарамай, мамлакатимизнинг Ҳамдўстликка раислиги концепцияси тўлиқ ҳажмда амалга оширилди.
Ҳукумат раҳбарлари кенгаши, Иқтисодий кенгаш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, МДҲнинг бошқа устав ва тармоқ органларининг мажлислари муваффақиятли ўтказилди.
Қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, 2030 йилгача муддатга мўлжалланган Иқтисодий тараққиёт стратегияси, Транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, туризм, спорт ва ёшларга оид сиёсат соҳаларида ҳамкорлик стратегиялари ва бошқалар қабул қилинди.
Умуман, 60 га яқин кўп томонлама тадбир ўтказилди, Ҳамдўстликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қиладиган 70 дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.