Марказий Осиёда ирригацияни яхшилаш ва сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида Қирғизистондан мамлакатимизга электр энергияси етказиб берилмоқда.

Энергетика тизими юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари раҳбарлари билан учрашувлари энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ривожида янги истиқболларни белгилаб берди. Хусусан, 2017 йил 5 октябрь куни Тошкентда ўтказилган олий даражадаги Ўзбекистон – Қирғизистон мулоқоти доирасида 2017-2018 йилларда Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида шартнома имзоланди.

Шартномага кўра, 2017 йил декабрь ойидан 2018 йил мартигача 550 миллион кВт/соат электр энергия етказиб бериш кўзда тутилган. Жорий йил 15 декабрдан бошлаб Қирғизистон Республикаси мамлакатимизга электр энергия етказиб беришни бошлади. Бугунги кунгача 3,7 миллион кВт/соат электр энергия қабул қилинди ва кунлик миқдор ошиб бормоқда.

– Электр энергияси Қирғизистон миллий электр тармоқлари томонидан етказиб берилмоқда, – дейди «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Э.Саъдуллаев. – Ушбу жараён Марказий Осиёда сув ва энергетика режимлари муштараклигини таъминлаб, мамлакатларимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшади.

Мамлакатимиз энергетика тизими Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатлари энерготизимлари билан мутаносибликда ишлайди. Бу жараён 220, 500 киловольтли (кВ) линиялар орқали амалга оширилади. Фарғона водийсидаги «Лочин» кичик станцияси Қирғизистон энерготизими билан 500 кВ линия орқали боғланган. Бундан ташқари, Тошкент иссиқлик станциясидан 220 ва 500 кВ линиялар Қозоғистон ва Ўзбекистон энерготизимларини боғлаб, уларнинг иш муштараклигини таъминлайди.

Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика тизимлари ҳам худди шундай бир-бири билан боғланган. Бунинг натижасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида энергетик халқа барпо қилинган бўлиб, у энергетик режимларни оптималлаш имконини беради.

Энергетика соҳасида ҳозирги кунда халқаро ҳамкорлик асосида томонлар учун фойдали бўлган иқтисодий алоқалар ривожлантирилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз қўшни Афғонистон Ислом Республикасига ёрдам бериш мақсадида электр энергиясини экспорт қилмоқда. Келгусида Афғонистонга етказиб берилаётган энергия миқдорини кўпайтириш учун Сурхондарё вилоятида 500 кВ линиясини қуриш мўлжалланган. Бундан ташқари, «Ўзбекэнерго» АЖ Тожикистон энерготизими билан ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирган.

Бугунги кунда мамлакатимиз томонидан 220 ва 500 кВ линиялар тайёрланди. Тожикистон энергия тизими томонидан аварияга қарши автоматика ва реле ҳимояси лойиҳалари бажарилмоқда. Ушбу лойиҳалар якунлангандан сўнг, 2018 йилда параллел ишлашни йўлга қўйиш белгиланган.

Туркманистон энерготизими билан ҳам ҳамкорлик режалаштирилган бўлиб, бу ушбу давлатдан бошқа минтақаларга электр етказиб беришда мамлакатимиз энергетика тизимидан транзит сифатида фойдаланиш имкониятини яратади.

Шу йил ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Электр энергетика кенгашининг 51-мажлисида МДҲга аъзо давлатларнинг тегишли вазирлик ва компаниялари раҳбарлари электр энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, унинг уйғунлашувини таъминлаш каби долзарб масалаларни муҳокама қилди.

«Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти келгусида МДҲга аъзо давлатлар энергетика тизимлари билан истиқболли йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, Сирдарё ИЭС блокларини модернизация қилиш ва соҳани ривожлантириш бўйича ишларни амалга оширишни режалаштирган.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА