Нукусда қўл жанги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган мусобақада 14 та жамоадан 150 нафарга яқин спортчи саккизта вазн тоифасида яккалик ва жамоавий биринчилик учун баҳслашди. Финал баҳслари шиддатли ва муросасиз курашларга бой бўлиб, томошабинларга катта таассурот қолдирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада ўз вазн тоифаларида Абдимажид Касимов, Аман Ешмуратов, Нурпейс Қарлибоев, Қурол Қидирбоев, Шерзод Жуманазаров, Оғабек Жуманиязов, Уббиниёз Тўрениязов ва Мирбек Абдихаликовлар биринчи ўринларни эгаллади.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси биринчи ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси кубоги соҳиби бўлди.

Иккинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, учинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси жамоалари қўлга киритди.

– Мусобақада 80 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаб, ғолиб бўлдим, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходими Шерзод Жуманазаров. – Бугунги кунда мураббийим Аҳмадбек Мадримов раҳбарлагида қўл жанги билан шуғулланиб келяпман. Келгусидаги режаларим мамлакат чемпионатларида ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиш.

Ғолиб ва совриндорлар медаллар, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, 
ЎзА мухбири