Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Қораўзак тумани “Қойбақ” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги қоракўлчилик фермер хўжаликларида бўлиб, шарт-шароитлар билан танишди.

Бугунги кунда “Қойбақ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида қоракўлчиликка ихтисослаштирилган 14 та фермер хўжалиги бўлиб, уларда 11 минг бошдан зиёд қўй-эчки боқилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов ҳудуддаги “Нуртилак-Қораўзак”, “40 йиллик” ва “Ермак” фермер хўжаликларида бўлиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотларини ва иссиқ кийим-кечаклар топширди. Бугунги кунда “Нуртилак-Қораўзак” фермер хўжалигида 550 бош, “40 йиллик” фермер хўжалигида 670 бош, “Ермак” фермер хўжалигида 1100 бош қўй-эчки боқилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида чорва қишловини беталофат ва самарали ўтказиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумлалан, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, қишлов даврида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ ва мавсум давомида мониторинг ишларини олиб борадиган штаб таркиби тастиқланди. Чорвачилик хўжаликларида етарли ем-хашак заҳирасини жамлаш, зарур зооветеринария тадбирларини сифатли ўтказиш, чўпонларни озиқ-овқат ва иссиқ кийим-кечаклар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020 йил 4 сентябрдаги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорнинг 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилди.

Шунингдек, соҳаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш, пиллачилик ва қоракўлчилик кластерларини ташкил этган ҳолда хомашёни чуқур қайта ишлаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга олиб чиқишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жойларда янги иш ўринларни яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида 11 та қоракўлчилик кластерини ташкил этиш белгиланди.

–Амалга оширилган ишлар натижасида бугунги кунга қадар 9 та кластер ташкил этилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси “Қоракўл” уюшмаси раиси Азамат Утемуратов. – Жумладан, Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Қўнғирот, Қораўзак ҳамда Тахтакўпир туманларида қоракўлчилик кластерлари ўз фаолиятини бошлади.

Қорақалпоғистонда ташкил этилган кластерларга 4 миллион 596 минг гектар яйлов ер майдони ажратиш режалаштирилиб, 2021 йил якунига қадар қўй ва эчки бош сонини 343 минг бошга етказиш белгиланди. Шунингдек, 823 тонна жун ишлаб чиқарилиб, йигирилган ип, гилам, намат ишлаб чиқириш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, 33 минг дона тери етиштириш, 13 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, 800 минг АҚШ доллари миқдорида қоракўл маҳсулотини экспорт қилиш ва 820 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш белгиланган.

Қоракўлчиликда наслчилик ишларини илмий асосда йўлга қўйиш ва жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган сифатли қоракўл териларини етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш ва яйловлардан самарали фойдаланиш мақсадида яқинда Тахтакўпир туманининг Мулк овулида Қоракўлчилик илмий наслчилик тажриба станцияси фойдаланишга топширилди. Мазкур станциянинг асосий мақсади 2025 йилгача чорва моллари сонини 10 минг бошга етказиш, сур қўйларининг сонини кўпайтириш, сур териларни экспорт қилиш орқали қорақалпоқ брендини яратишдан иборат.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА