Қорақалпоғистонлик 12 ёшдаги Жансулув Татлимуратованинг жаҳон рекордини ўрнатганлиги айтилмоқда.
Унинг қўл-оёғини ерга теккизмасдан тиши билан махсус мосламани тишлаган ҳолда орқага эгилиб 10 дақиқаю 38 сония тура олганлиги ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Унинг бундан олдинги кўрсаткичи 5 дақиқа бўлган.
Жансулувнинг мураббийи Айнура Ильясова эса шогирдининг икки каррадан ҳам кўпроқ натижа билан жаҳон рекордини янгилаганига ишонмоқда. Маълум бўлишича, цирк санъати жанрининг қўл эквилибристикаси турига кирувчи ушбу ҳунар бўйича украиналик Настя Зверева «Талант» телелойиҳасида 4 дақиқа 15 сония тура олиш орқали миллионлаб томошабинларни лол қолдирган.
Ҳозирда Нукусдаги Олимпия заҳиралари коллежида эшкак эшиш санъати бўйича таҳсил олаётган Жансулув Татлимуратова икки йил аввал «Zo’r TV» телеканалининг «Индиго» лойиҳаси, «Спорт» телеканалининг «Rekord.uz», Қорақалпоғистон телеканалининг «Айқулақ» кўрсатувлари орқали кўпчиликка яхши таниш бўлиб қолган эди. «Rekord.uz» кўрсатувида «Энг эгилувчан пластик қиз» номинацияси бўйича ғолиб бўлган бўлса, «Индиго» лойиҳасида у темирни тишлаб туриб қўл-оёғини ерга теккизмасдан орқага эгилган ҳолда 5 дақиқа тура олган эди.
У спортнинг бадиий гимнастика тури билан икки ярим ёшидан бошлаб шуғуллана бошлаган. Баъзи сабабларга кўра ҳозирда гимнастика билан шуғулланмаяпти.
– Жансулув ҳозирда коллежимизда эшкак эшиш йўналиши бўйича таҳсил олмоқда, – дейди А.Ильясова. – Бу спорт турида ҳам у ўзини кўрсатаяпти. Яқинда эшкак эшиш бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Айтилган топшириқни тезда бажара олади, ўта иқтидорли.
Ж.Татлимуратованинг онаси ва асосий устози Гулмира Тажимуратова ҳозирда қизининг Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш имкониятларини қидирмоқда.
– Кимга мурожаат қилишни билмаяпмиз. – дейди онаси. – Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун вазирлик ёки катта ташкилотлар орқали чиқиш керак экан ҳамда унга тўланадиган тўловлари бор экан.
Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ғайратбай Байниязов эса бу борада ҳомийлар топилганини маълум қилди.
– «Гиннеснинг рекордлар китоби»га кириш учун унга бизнинг вазирлик бевосита масъул эмас, рекордлар билан шуғулланадиган алоҳида ташкилот бор, – дейди вазир Г.Байниязов. – Лекин биз қўлимиздан келганча ёрдам беришга тайёрмиз. Ҳомийлар ҳам топдик.
Жансулув қўл-оёғини ерга теккизмасдан тиши билан махсус мосламани тишлаган ҳолда орқага эгилиб амалга оширадиган трюкни онасининг ёрдами билан ўрганган.
Е.Қаноатов, ЎзА